Врач назорати (жисмоний тарбия ва спортда)— жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланмоқчи бўлганларни саралаш, бажарилаётган машқларинг улар организмига таъсирини (ижобий, салбий) ўрганиш мақсадида ўтказиладиган тиббий назорат; спорт тиббиётининг асосий қисми. В. н. нинг асосий вазифалари: жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланмоқчи бўлганларнинг саломатлиги, функсионал ҳолатини аниқлаш ва олинган натижаларга асосан уларнинг машқлар билан шуғулланиши учун рационал тавсияномалар бериш; жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш жараёнида машқлар таъсирида жисмоний ривожланиш, саломатлик, функсионал ҳолатда бўлаётган ўзгаришларни мунтазам кузатиб туриш; машқларни нотўғри бажариш оқибатида келиб чиқадиган патологик ҳолатларни аниқлаш, олдини олиш ва даволашдан иборат.

Назорат врачи жисмоний машқлар воситаларини қўллашда врачлик-жисмоний тарбия диспансерларининг ташкилий-методик ишларига раҳбарлик қилади; жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланмоқчи бўлганлар ёки шуғулланаётганларни тиббий кўрикдан ўтказади; оптимал ҳаракат тартибини кўрсатади; жисмоний тарбия ва спорт бўйича врачлик консултациясини беради; жисмоний тарбия дарслари ва спорт машқлари жараёнида врач-педагог назоратини олиб боради; оммавий спорт тадбирларида тиббий ёрдам кўрсатади. В. н. бўйича ташкилий-методик раҳбарликни врачлик-жисмоний тарбия диспансерлари олиб боради.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил