Xalazion
Халазион(қадимги юнонча: χαλάζιον — дўл, тугун, қаттиқлашув) — бу қовоқнинг чегараланган сурункали пролифератив яллиғланиши. У тоғай ичидаги мейбомий безчалари йўли ёпилиб, шу йўл атрофида аста-секин бириктирувчи то'қима ўсиб бориши билан характерланади. Касаллик безнинг чиқиш канали турли сабабларга кўра бекилиб қолганда ва унда секретор суюқлик тўпланганда пайдо бўлади [1] .
Этиологияси
Халазион мейбомий бези (тер ва ёғ безлари эволюцияси жараёнида ўзгарган) каналларининг ёпилиб қолиши натижасида келиб чиқади, унинг липид секрецияси кўз ёши суюқлиги билан бирга кўз қовоғининг чети ва ко'з олмасининг юзаси қуриб кетишига йўл қўймайди . Без каналининг бекилиб қолиши натижасида кўз қовоғининг четида тугунга ўхшаш бўртма пайдо бўлади [2] . Битта кўз қовоғида 150 дан ортиқ мейбомий безлари бўлади. Аммо без каналининг ёпилиб қолиши ҳар доим ҳам халазионга олиб келмайди, кўпинча без йўли ўз-ўзидан очилиб кетади ва халазион ҳосил бўлмайди [1] .
Халазион ҳаёт учун хавфли эмас, лекин у кўзга қатор ноқулайликлар туғдиради ва баъзи ҳолларда кўришни бузиши ҳам мумкин (кўришнинг бузилишининг одатий механизми шундан иборатки, кўз олмасида Халазион босими туфайли астигматизм пайдо бўлади ва тўр пардадаги тасвир қисман хиралашади.) [2] .
Халазион кўпинча блефарит(кўз қовоқлари терисининг яллиғланиши) фонида пайдо бўлади. Шу билан бирга, Халазионнинг пайдо бўлишининг аниқ сабаблари номаълум [2] .
Халазион кўпинча кўз қовоғининг юқумли яллиғланиш касалликлари билан қўшилиб келади. Уларнинг асосий фарқи шундаки халазион юқумсиз шароитда ривожланса, кўз қовоғининг бошқа яллиғланиш касалликларига патоген микрофлора сабаб бўлади.
Халазион барча ёшдаги одамларда, шу жумладан болаларда ҳам учрайди ва кўпинча 30-50 ёшлилар касалланади. [1] .
Симптомлар ва патогенези
Халазион ривожланишининг дастлабки икки куни ичида кўз қовоғининг юқумли яллиғланиш касалликларига ўхшайди, бу даврда аломатлар ҳам ўхшаш бўлади: ўртача оғриқ билан кўз қовоғининг тирнашни эслатувчи таъсирни сезиши ва шишиши [1] .
1-2 кундан кейин шиш пасаяди, кўз қовоғида юмалоқ, оғриқсиз шиш қолади. Кейин шиш (Халазион) аста-секин ўсиб боради, одатда ўсиш жараёни тахминан бир ҳафта давом этади. Камдан кам ҳолларда, Халазион бир ҳафтадан кўпроқ вақт давомида ўсишда давом этади ва у катталашгани сайин шох парда ни босишни бошлайди, бу эса кўриш ўткирлигининг бироз ёмонлашишига олиб келади. Бундан ташқари, кўз қовоғининг ички юзасида қизил ёки кулранг нуқта пайдо бўлиши ҳам мумкин. Агар Халазион жуда катта бўлса (тахминан 5 мм ёки ундан кўп [2]) у оғриқли бўлиши мумкин. Кичик ўлчамдаги халазион то катталашгунча беморни умуман безовта қилмаслиги мумкин.
Кўз қовоғида кичик, нўхат ўлчамидаги зич тугун сезилади, унинг устидаги тери шишган, ҳаракатчан, сезгир ҳамда конюнктивада гиперемия (қизариш) ва кулранг зона мавжудлиги кўринади. Агар асоратлар бўлмаса, палпация жуда оғриқли бўлмаслиги мумкин. Баъзида йиринглаш пайдо бўлади, кейин яллиғланиш белгилари қўшилади: оғриқ, кўз қовоқлари терисининг қизариши, конюнктивадан йиринг чиқиши билан ўз-ўзидан очилиши мумкин.
Ташхис клиник белгилар асосида амалга оширилади. Халазион юқорида айтилгандек кўз қовоғининг бошқа яллиғланиш касалликлари билан ўхшаш бўлгани учун улар билан дифференсиал диагностика қилинади. Халазион гипотермия, тананинг ҳимоя функцияларининг пасайиши билан ривожланади ва шамоллаш (айниқса, гипотермия), контакт линзалар тақиш ва бошқалар ҳам Халазионга олиб келиши мумкин. Бу, шунингдек, инсоннинг, асосан, жуда ёғли терига эга бўлиши билан боғлиқ бўлиши мумкин: бу безнинг кўпайиши лакримал оқимнинг блокланишига олиб келиши мумкин.
Даволаш
Умумий ҳолатларнинг тахминан тўртдан бирида халазион даволанмасдан йўқолади [1], ўз-ўзидан тикланиш бир неча ҳафтадан олти ойгача давом этади [2] .
Халазион терапиясининг биринчи қатори консерватив даво бўлиб, биринчи навбатда иссиқ компресслар, сўнгра кўз қовоқларининг массажи қўлланади. Иссиқлик ва массаж без каналининг бекилиб қолишини бартараф этишга ёрдам беради [1] [2] .
Терапиянинг иккинчи йўналиши — яллиғланишни камайтириш учун стероид инексияларини қўллаш ҳисобланади [1] . Антибиотиклардан маҳаллий фойдаланиш даволашда ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.
Жарроҳлик усулида даволаш катта ўлчамдаги халазионнинг консерватив давоси олти ойдан ортиқ вақт давомида натижа бермаса ёки йиринглаш содир бўлганда (чалазион юқумли жараёнга айланади) [2], шунингдек тез-тез қайталаниш ҳолатларида қўлланади.
Катталарда операция маҳаллий оғриқсизлантириш остида, кўпинча амбулатория шароитида ўтказилади. Болалар операция вақтида ўзини назорат қила олмаслиги сабабли умумий оғриқсизлантириш остида амалга оширилади.
Катталарда операция давомийлиги тахминан 20 дақиқани ташкил қилади.
Операция техникаси — кесма ва куретаждан иборат.
Жарроҳликдан сўнг юзага келган халазион такрорланган тақдирда, бемор бунинг сабабини топиш учун терапевтга мурожаат қилиш керак. Қайталанувчи халазионнинг мумкин бўлган сабаблари орасида тери касалликлари ва камдан-кам ҳолларда хавфли ўсмалар ўрин олади.