Халфа (фолклорда) — Хоразм воҳасида маҳаллий оғзаки ижод намуналарини жонли ижро этувчи аёл. Халфалар фаолият кўрсатиш шароитига кўра икки йўналишга бўлинади: тўй ва базмларда қўшиқлар ижро этувчи „сози халфа“ ҳамда „китобий халфа“ — таъзия ва маросимларда китоб ўқувчи аёл, отин (отинойи). Уларнинг иккаласи ҳам „ичкари“да аёлларга хизмат қилган. Сози халфалар санъатида жўрнавозли ва якка ижрочилик мавжуд. Ансамбл уч кишидан таркиб топади: Халфа (гармон чалади ва қўшиқ айтади), доирачи (қўшиқларга жўр бўлади, баъзан рақс тушади) ва ўйинчи (рақс тушади ва лапар айтади). Халфалар репертуаридан асосан „Тўйлар муборак“, „Ёр-ёр“, „Ошиқ“ туркумидаги („Тоҳир ва Зуҳра“, „Ошиқ Албанд“, „Асли ва Карам“, „Ҳурлиқо ва Ҳамро“, „Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам“ каби) достонлардан парчалар, Махтумқули ва бошқа шоирларнинг шеърлари асосидаги насиҳат ва рақсбоп қўшиқлар ўрин олган. Ижодкор халфалар замоннинг муҳим масалаларига бағишланган асарлар яратиб, уларга ўзлари куй басталаганлар. Масалан, Хоним Сувчи Сайидаҳмад қизи (1858—1926) нинг „Бевафо золим“, Бибижоним Қосим Девон қизининг „Айрилдим“, Анаш чўлоқ (Онажон Собирова, 1885—1952) нинг „Онажондек дилбар жаҳона галди“, Ожиза (Онабиби Отажонова, 1889—1961)нинг 30 дан ортиқ қўшиқлари Назира Собирова, Розия Матниёз қизи, Саодат Худойберганова ва ҳозирги халфалар томонидан куйланмоқда.

„Китобий Халфа“лар эса, асосан, таъзия, „Улли пир“, „Мушкул кушод“ каби маросимларда „Ғавсули Аъзам“, „Пайғамбарлар ҳикояти“, „Бобо Равшан“, ‘‘Биби Сешанбаъ’ ва бошқа диний мавзудаги китобларни якка ҳолда ўқишади[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ

Адабиёт

  • Юнусов Р., Олти халфа, Хива, 1994.