Хамсачилик — Шарқ халқлари адабиётида достоннавислик шаклларидан бири; „Хамса“ ёзиш билан боғлиқ адабий анъана. Низомий Ганжавий асос солган.

Ижодкорлар Низомий „Панж ганж“ини („Беш хазина“) ташкил этувчи „Маҳзан ул-асрор“, „Хусрав ва Ширин“, „Лайли ва Мажнун“, „Ҳафт пайкар“, „Искандарнома“ достонларининг мавзуйи, сюжет ва композицияси, қаҳрамонлари, вазни, жойлашиш тартибини сақлаган ҳолда мустақил асар яратганлар. Бу бадиий ижодда катта маҳорат мактаби саналган. Хамса достонларининг ҳар бири мавзуйи, қаҳрамонлари, ҳатто қўйилган масалаларигача аниқликка эга бўлиб, бу жанрда ижод қилган ёзувчи ўз маҳоратини ана шу анъанавий воситалар ёрдамида кўрсатиши, шу орқали ўз даври идеалларини ифодалаши лозим бўлган. Анъанага кўра, Хамсадаги 1-достоннинг асосини фалсафий-ахлоқий масалалар ташкил этган. 2-3-достонлар севги орқали акс эттирилган ижтимоий-маънавий масалаларни ёритувчи мавзу асосида уюшган. 4-достон саргузашт асар бўлиб, унда адолатли шоҳ масаласи кўтарилган. Сўнгги достон аввалгиларининг хулосаси, умумлашмаси бўлиб, унда ижодкорнинг маънавий-ахлоқий, ижтимоий-сиёсий, фалсафий қарашлари акс этган. Шарқда бадиий қиммати турлича бўлган 50 дан ортиқ хамсалар вужудга келган. Хамсанинг алоҳида достонларига жавоблар ҳам ёзилган. Лекин бизгача бу асарларнинг ҳаммаси ҳам етиб келган эмас. Хамса достонларидан фақат биригагина жавоб ёзиб, юксак даражада шуҳрат қозонган ижодкорлар ҳам бўлган (Фузулий, „Лайли ва Мажнун“). Хамсада энг кўп достонлар „Лайли ва Мажнун“ мавзусида яратилган. Кейинги ўринларда тегишли равишда „Хусрав ва Ширин“, „Маҳзан ул-асрор“, „Искандарнома“, „Ҳафт пайкар“ мавзусидаги достонлар туради.

Хамсанавислар ўз асарларида эпик-романик, қаҳрамонлик ёки суфийлик мавзусини биринчи ўринга қўйганлар. Низомий Ганжавий „Хамса“сининг сюжет ва мавзулари турли халқлар бадиий адабиётларига таъсир этиб, ХИИИ-ХХ асрлар мобайнида 600 дан ортиқ асар яратилган.

Низомий „Хамса“сини форс тилида ёзган. Бошқа халқлар Хамса анъанасини ўз тилларида давом эттирганлар. Туркий, урду, пушту, курд, арман ва бошқа тилларда хамсалар яратилган. Даврлар ўтиши билан муайян ижтимоий-сиёсий шароитда белгиланган мавзу, сюжет, композиция, образларга эга бўлган „Хамса“ достонларининг мазмуни, таркиби ўзгариб борган. Хамса. анъанаси Кавказорти, Ўрта Осиё, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон мамлакатларида давом эттирилган.

Туркий халқлар адабиётида Хамсага қизиқиш ХИИИ—ХИВ асрлардан бошланган. Қутб Хоразмий Низомийнинг „Хусрав ва Ширин“ достонини, Ҳайдар Хоразмий шеърий шаклини сақлаган ҳолда айрим ўзгаришлар билан „Маҳзан ул-асрор“ достонини туркий тилга таржима қилган. Туркий (ўзбек) тилида „Ҳайрат ул-аброр“, „Фарҳод ва Ширин“, „Лайли ва Мажнун“, „Сабъаи сайёр“, „Садди Искандарий“ номлари билан 5 достон — „Хамса“ яратган Алишер Навоий хамса тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган ва хамсани туркий халқлар адабиётида Низомий даражасига кутарди. Бунда Навоий ўзигача бўлган буюк хамсанавислар — Низомий Ганжавий, Амир Хусрав Деҳлавий ва Абдураҳмон Жомийларни ўзига устоз деб билди ва уларнинг хамсадаги ғоявий-бадиий анъаналарини маҳорат билан ривожлантирди. Хамсани юқори поғонага олиб чиқди. Навоий хамсада анъанавий образлар ҳисобланган Фарҳод, Ширин, Дилором, Лайли, Мажнун, шоҳлардан Хусрав, Баҳром, Искандар образларини янгича, ўз даври адабиётининг инсонпарварлик ғоялари нуқтаи назаридан талқин этди. Навоий „Хамса“си турли халқлар достончилигининг кейинги тараққиётига ижобий таъсир қилган. Ўзбек шоири Хожа („Мақсад улатвор“), турк шоири Ломий ва уйғур шоири Низорий („Фарҳод ва Ширин“), озарбайжон шоири Фузулий („Лайли ва Мажнун“) ўзларининг достонларини Навоийнинг „Хамса“ достонлари таъсирида яратганлар. Навоий „Хамса“си айни вақтда ўзбек адабий тилининг бойлиги, мукаммал ва ранг-баранглигини ҳам намойиш этади.

Адабиётлар

  • Бертелс Е. Э., Низами и Физули, М., 1962; Бертелс Е. Э., Навои и Джами, М., 1965; Ҳайитметов А., Шарқ адабиётининг ижодий методи тарихидан, Т., 1970; Алиев Г., Теми и сюжети Низами в литературах народов Востока, М., 1985.

Ҳабиб Абдуназар.