Xarajatlar
Харажатлар — ишлаб чиқариладиган маҳсулот ёки кўрсатиладиган хизмат ҳажмига боғлиқ бўлган чиқимлар (масалан, материаллар, хомашё сотиб олиш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ сарфлар). Тўлиқ (умумий, ялпи) харажатлар — доимий ва ўзгарувчан харажатлар йиғиндиси; бевосита ишлаб чиқариш харажатлари (аниқ бир маҳсулотни ишлаб чиқариш билан боғлиқ ва унинг таннархига киритиладиган чиқимлар), эксплуатация харажатлари — машина, ускуна, транспорт воситалари ва бошқалардан фойдаланиш билан боғлиқ чиқимлар. Муомала харажатларга қўшимча муомала чиқимлари (ишлаб чиқиш жараёнларини муомала соҳасида давом этиши — қадоқлаш, сақлаш, сотиладиган жойга элтиш ва бошқа билан боғлиқ) ва соф муомала чиқимлари (бевосита олди-сотди операциялари билан боғлиқ) харажатлар киради. Муомала харажатлар, одатда, истеъмолчилар учун (транспорт-экспедиторлик чиқимлари, божхона божи тўлаш, порт солиқ ва йиғимларини тўлаш, банк хизматлари учун чиқимлар, вакиллик харажатлари), ишлаб чиқарувчилар учун (савдо-сотиқ бўлинмасини сақлаш, маркетинг тадқиқотлари, реклама, транспорт-экспедиторлик чиқимлари, воситачиларга ҳақ тўлаш, сотишдан олдинги сервис ва техника хизмати учун чиқимлар, банк операциялари бўйича харажатлар, вакиллик харажатлари ва бошқалар) ва савдо учун (товарни харид қилиш, ташиш, сақлаш ва сотиш билан боғлиқ чиқимлар) алоҳида ҳисоб китоб қилинади.
Ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини таҳлил қилишда „муқобил харажатлар“ тушунчаси (агар ҳозирги мавжуд ишлаб чиқариш ўрнига муқобил ишлаб чиқариш бўлганида олиниши мумкин бўлган қиймат) қўлланади. Бу харажатларга фоизлар ва мулкдорга тўланадиган ҳақ ҳам киритилади. Харажатларни қисқартириш фойдани кўпайтиришнинг муҳим талаби ҳисобланади.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |