Xarakter (obraz)
Характер — адабиёт ва санъат асарларида хусусий белгилари мукаммал тасвирланган ва ўзида феъл-атвор (хатти-ҳаракат, кечинма, фикрий ва нутқий фаолият)нинг тарихан аниқ типини мужассамлантирган, шунингдек, муаллифнинг маънавий эстетик консепсиясини ифодалаган инсон образи. Бадиий характер умумий (такрорланувчи) ва хусусий (такрорланмайдиган); обектив (бадиий характерга прообраз бўлиб хизмат қилган киши ҳаётининг ижтимоий-психологик асослари) ва субектив (прообразнинг муаллиф томонидан идрок ва талкин этилган) белгиларнинг ўзаро уюшган ҳосиласидир. Адабиёт ва санъат асарларидаги характер тушунчаси фалсафа, социология ва психологиядаги айни тушунчадан инсон образининг консепсиявийлиги билан ажралиб туради.
Характер тушунчаси илк марта Юнонистонда, бадиий ижод руҳий маданиятдан ажралиб чиққан бир даврда пайдо бўлган. Характернинг антик даврда ифодалаган мазмуни унинг ҳозирги талқинидан кескин фарқ қилган. "…Шоирлар иштирокчиларнинг характерларини тасвирлаш учун уларни асарга олиб киришмайди, — деб ёзган эди Аристотел „Шеърият санъати тўғрисида“ги рисоласида, — балки уларнинг хатти-ҳаракатлари орқали характерларини ҳам (асар доирасига) жалб этишади". Антик давр трагедиясида ҳам инсон образи (характер) эмас, балки воқеа асар ғоясини ифодалаб келган ва муҳим бадиий образ хисобланган; персонажлар асардаги муайян бадиий вазиятда ўйнаган роли билан бир-биридан фарқланган.
Персонаж характерининг мустақил ғоявий-бадиий аҳамиятга эга эканлиги антик даврдаёқ англашила бошлади. Чунончи, Плутарх „Параллел ҳаётномалар“ асарида қаҳрамонларни улар „тақдир“и ва характерига кўра ўзаро қиёслаган. „Характер“ атамасининг бундай 2 хил маънода қўлланиши ХВИИ асргача давом этиб келди. Адабиёт ва санъатнинг кейинги ривожланиши натижасида характер фабуладан, асар сюжетидан тамомила ажралиб чиқди.
Узоқ давом этган тарихий-адабий жараёнда Уйғониш ва классицизм даврлари алоҳида ажралиб туради. Уйғониш даврида характер хулқ-атворнинг муайян белгиларидан фориғ бўлиб, умуминсоний ҳодиса сифатида намоён бўла бошлади. У нафақат антик давр ва ўрта аср учун муҳим бўлган маданийлик ва ёввойилик, диний эътиқод ва эътиқодсизлик сингари ўзаро қарама-қарши белгилардан, балки турли руҳоний сифатлардан ҳам холи бўлиб борди. Уйғониш даври қаҳрамонларининг характерида ҳаракатчанлик, ўзгарувчанлик кўзга яққол ташланди. Классицизм характернинг яна аввалги статик ҳолатига қайтди ва айни пайтда диққат-эътиборини шахснинг онгига — „бурч“ билан „кўнгил“нинг иккисидан бирини танлаш масаласига қаратди. Романтизм эса характерни шахснинг ички олами билан муштарак бўлган ҳодиса сифатида талқин этди. ХИХ асрда тансидий реализм майдонга келиши билан характер шахс билан жамият ўртасидаги ўзаро муносабатнинг узвий бирлиги сифатида узил-кесил шаклланди.
Адабиёт ва санъат асарларида қаҳрамон шахсининг ташқи ва ички мохияти унинг характерини белгилайди ҳамда бу қаҳрамон характери муаллифнинг ва бошқа персонажларнинг у ҳақдаги тавсифномалари, шунингдек, сюжет ривожидаги ўрни ва роли билан инкишоф этилади. Масалан, Абдулла Қодирийнинг „Ўтган кунлар“ романидаги Отабек характери, бир томондан, ёзувчи билан бирга марғилонлик биродарларнинг тавсифномалари, баҳолари, муносабатлари, иккинчи томондан, мазкур қаҳрамоннинг асар сюжетида, воқеалар ривожида ўйнаган роли орқали аниқ қирралар касб этади. Шу фикр романдаги бошқа етакчи қаҳрамонлар характерига ҳам оиддир.
Адабиёт ва санъат асарларида тасвирланган қаҳрамонлар ҳар доим ҳам характер даражасига кўтарила бермайди. характер, образдан фарқли ўлароқ, ёзувчидан катта маҳоратни, қаҳрамоннинг муайян тарихий-ижтимоий ва маданий-маърифий шароитдаги ўзига хос ўрни ва хусусий белгиларини теран очишни тақозо этади. Шу маънода эпик жанрлар ёзувчига қаҳрамон характерини ёрқин яратиш имконини беради. Масалан, М. Шолоховнинг „Инсон такдири“ ҳикоясида мураккаб ва машаққатли ҳаёт йўлини босиб ўтган, аммо шунга қарамай, ўзининг эзгу инсоний фазилатларига гард ҳам юқтирмаган Соколов характери катта маҳорат билан яратилган. Бундай ҳолни Ғафур Ғуломнинг „Менинг ўғригина болам“, „Ҳасан Кайфий“, Абдулла Қаҳҳорнинг „Ўғри“, „Анор“ каби ҳикояларида ҳам учратиш мумкин.
Ҳар бир миллий адабиётнинг бойлиги қаҳрамонлар характерининг ранг-баранглиги билан ҳам белгиланади. Агар Абдулла Қодирий ўзбек адабиётига Отабек ва Кумуш, Юсуфбек ҳожи ва Ўзбек ойим сингари ўз сиймосида ўзбек халқи тарихининг муайян тарихий даврини ва шу халқнинг муайян катламини ифодалаган характерларни олиб кирган бўлса, Ойбек ХХ аср бошларида яшаган Йўлчи, Гулнор, Шоқосим, Қоратой, Ёрмат сингари ХХ аср бошларида яшаган меҳнаткашларнинг ранг-баранг типлари билан бойитди („Қутлуғ қон“), Навоий, Ҳусайн Бойқаро, Низомулмулк, Мажидиддин сингари тарихий, Султонмурод, Зайниддин, Тўғонбек сингари тўқима қаҳрамонлар характерини кашф этди („Навоий“). Шундай ўзига хос характерлар Шайхзода, Миртемир, С. Абдулла, М. Осим, Р. Файзий, О. Ёкубов, П. Қодиров, Ш. Холмирзаев каби ёзувчилар ижодида ҳам кўплаб учрайди.
Бадиий кашфиёт даражасига кутарилган характер, ижобий ёки салбий моҳиятга эга бўлишидан қатъи назар, ҳар бир адабиётнинг бадиий бойлигини ташкил этиб, ўзи мансуб бўлган халқнинг миллий характерини, миллий ўзига хослигини бадиий мужассамлантиргани билан аҳамиятлидир.
Ли.: Тимофеев Л. И., Основи теории литератури, М., 1971; Султонов И., Адабиёт назарияси, Т., 1980; Храпченко М. Б., Горизонти художественного образа, М., 1982; Введение в художественную характерологию, Самарқанд, 1983.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |