Xayriniso Majidxonova
Хайринисо Мажидхонова — 1905-йил Тошкентда, маърифатпарвар оиласида дунёга келди. Унинг отаси Мажидхон ХХ аср бошларида Москва, Петербург каби шаҳарларда бўлиб қайтган, ўз даврининг илғор фикрлари билан танишлигии учун қизларига замонавий таълим беришга, турли тилларни ўрганишига ҳаракат қилган. Шунинг учун ҳам мутаассиблар бу шахсга „Мажид ўрис“, „Мажид кофир“ деб лақаб берганлар, қизларининг юзларини очиб, ўқиб юришларини қоралаганлар. Хайринисо шундай бир вазиятда яшаб, маҳалласидаги ўқимишли татар, рус, немис қизлари билан дугона бўлиб ўсди. У опаси билан бирга Мунаввар Қори, Саодат Еникева каби ўз даврининг илғор зиёлиларидан сабоқ олди. 1922-йил охирида бир гуруҳ ўғил-қизлар қаторида Туркистондан Германияга ўқишга юборилади. У 1924-1926-йилларда Мариям Султонмуродова билан биргаликда Дармстадт шаҳрида ўқитувчилар семинарийсида, тиббиёт курсларида ўқиб[1], немис тили ва адабиётини ўргана бошлади. „Эзилган миллатлар, қоронғиликда қолган юртини келгусида чин билим билан ёритмоқ учун бу йил хорижга кетган талабалар орасида қизим Хайринисо ҳам бор эди. Билим учун узоқ элларга биринчи ўзбек қизини юбориш шарафи, шукрлар бўлсунким, менга насиб бўлмиш“, деб хурсанд бўлган эди Хайринисо Мажидхонованинг отаси[2]. 1927-йил ёзда, таътил вақтида Хайринисо ва Мариям Парижга қилган саёҳатлари вақтида тасодифан ушбу шаҳарда яшаб турган бухоролик Аҳмад Наим ва Туркистон муваққат ҳукуматининг собиқ раиси Мустафо Чўқаевлар билан учрашиб қоладилар. Ҳали ёшлар Германия таҳсилини давом эттираётган пайтларида совет ҳукумати бир баҳона билан уларнинг стипендиясини тўхтатиб қўяди. Шундан сўнг ёшлар моддий қийинчиликлар билан таҳсилни давом эттиришади. Германияда 6 йил таълим олган Хайринисо 1928-йилда Ўзбекистонга қайтиб келди ва 1937-йил 13-сентабрга қадар Касаба уюшмалари Марказий қўмитаси ходимлари ҳамда жумҳурият бошланғич ва ўрта таълим ўқитувчиларининг дам олиш уйида шифокор бўлиб ишлайди. Европа тиббиёти ютуқлари бўйича эгаллаган билимлари унга бу ишда қўл келди. Хайринисо 1937-йил 13-сентабрда қамоққа олинди ва унга "1922-1928-йилларда Германиядаги „Туркистон“ аксилинқилобий миллатчилик ташкилотининг аъзоси бўлган, 1928-йилда унинг топшириғи билан СССРга жосус бўлиб келган, СССР даги ўша „Туркистон“ ташкилоти аъзолари билан алоқада бўлган", — деган айбалар қўйилган. Ўша куни отаси яшайдиган хонадонда тинтув ўтказилиб, Хайринисонинг паспорти, Германиянинг 100 маркали тангаси, ўша ердан келган 112 та мактуб, 4 та ёзишма, 5 та ён дафтар ва 3 та китоб олиб кетилди. Хайринисо Мажидхонованинг ёндирилган китоблари орасида Германиядан олиб келинган тиббий асарлар, болалар китоблари билан бирга Гёте, Шиллернинг немис тилидаги китоблари, Абдулла Қодирий, Чўлпон каби буюк ўзбек шоир ва ёзувчиларининг ўзбек тилидаги асарлари ҳам бор эди. Унинг Германиядан олиб келган ҳамма материаллари ёқиб юборилади. 1937-йил 22-декабрда бўлган сўроқда „Сиз ўз айбингизни бўйнингизга оласизми?“- деган саволга жавобан Хайринисо барча айбларнинг асоссизлиги ва буларни мутлақо тан олмаслигини таъкидлаган: „Мен ўз айбимни фақат қуйидагиларда деб биламан: 1922-1928-йилларда Германияда ўқиган вақтларимда аксилинқилобчи Мустафо Чўқаев ва Закий Валидийлар аксилшўровий нутқлар сўзлаган Туркистон талабаларининг учта йиғилишида қатнашганман; Германияда бўлган пайтимизда 1927-йили дугонам Мариям Султонмуродова билан бирга Парижга борганмиз; аксилинқилобчи М.Чўқаев ва А.Наимлар билан бир неча бор учрашганмиз; СССРга қайтганимдан кейин, 1931-1932-йилларда Ўзбекистон Ўрта Осиё тиббиёт институтида илмий ходим сифатида ишлаган Германия фуқароси профессор Энглянд билан муносабатда бўлдим. Унинг хонасига кириб турганимга сабаб мен унга ўзбек тилидан дарс берар, ўзим эса ундан немис жонли сўзлашув тилини ўрганар эдим“. Масала шундай равшан бўлганига қарамасдан, тергов бир йилдан ортиқ давом этди ва СССР Олий Суди Ҳарбий Коллегиясининг Алексеев бошчилигидаги сайёр гуруҳи 1938-йил 9-октабрда Хайринисо Мажидхоновани ЎзССР Жиноят Мажмуасининг 62, 64 ва 67-моддалари бўйича айбдор деб ҳисоблаб, Германияда о`қиганлиги учун немис шпионини сифатида отиб ташланган[3] Хайринисо Мажидхонованинг жияни у ҳақида шундай хотирлайди: „Хайринисо холамнинг орзулари катта эди. Холам Германиядан келтирган тиббиётга оид турли қўлланмаларни немис тилидан ўзбек тилига таржима қилишга киришган, илмий тадқиқотларини бошлаган эдилар“. Мустақиллик йилларида, аниқроғи 1999-йил 7-октабрда Хайринисо Мажидхонова Ўзбекистон Республикасининг Олий Суди томонидан оқланди.
Ҳаволалар
- ҳттпс://кун.уз/уз/неwс/2022/05/03/бири-отилган-иккинчиси-сургун-қилинган-германияда-оқигани-учун-қатагон-қилинган-озбек-аёллари
- ҳттп://нилуфар.нет/wп/хх-асрнинг-бошларида-германияда-оқиган-туркистонлик-талабалар/ (Wайбаcк Мачине сайтида 2020-02-18 санасида архивланган)
- ҳттп://www.ҳозир.орг/режа-қатагонлик-сиёсати-ва-унинг-моҳияти-18-лар-гуруҳи-тогри.ҳтмл?паге=5
- ҳттпс://ёшликжурнали.уз/хотира/туркистонлик-талабаларнинг-тақдири-тафсилотлари/
- ҳттпс://дарё.уз/2020/08/14/совет-тарихидаги-энг-қора-дог-сиёсий-қатагонга-учраганларнинг-ҳақ-ҳуқуқлари-тикланганига-30-йил-болди/ (Wайбаcк Мачине сайтида 2022-05-22 санасида архивланган)