Хеморецепсия (хемо — шрецепторлар) — бир ёки кўп ҳужайралилар ихтисослашган ҳужайраларининг ташқи муҳитдаги ҳаёт учун муҳим бўлган кимёвий моддалардан таъсирланиши. Хеморецепсиянинг дастлабки жараёни таъсирловчи кимёвий модда билан ҳужайра мембранасидаги хеморецептор оқсил ўртасидаги таъсирдан иборат. Хеморецепсия — эволюция жиҳатидан энг қад. рецепсия типи, барча тирик организмлар учун хос. Кўпчилик ҳайвонлар учун 2 хил хеморецепсия: интерохеморецепсия (кўп ҳужайралилар ички муҳитини, жумладан, гормонлар, медиаторлар, антигенлар ва бошқаларни анализ қилувчи) ва экстерохеморецепсия (ташқи кимёвий таъсирларни қабул қилувчи) хос. Юксак тузилган организмларда ихтисослашган кимёвий сезги органлари — ҳид билиш, таъм билиш пайдо бўлади. Бу хилдаги органлар умуртқали ҳайвонлар ва бир қанча умуртқасизлар (масалан, ҳашаротлар)да бор. Бундан ташқари, кам ихтисослашган хеморецепсия — гавда қопламининг таъсирловчи моддаларга нисбатан умумий кимёвий сезгирлиги ҳам мавжуд.

Хемосинтез кўпчилик ҳайвонларнинг озиқ қидириб топиши, душманлари ёки ноқулай шароитдан сақланиши, ўз тури ва оиласи индивидлари ҳамда ўз жуфтини топиб олишда катта аҳамиятга эга. Хеморецепсиянинг жамоа бўлиб яшовчи ҳашаротлар ҳаётидаги аҳамияти айниқса катта. Бундай ҳашаротлар оиласидаги мураккаб физиологик хатти-ҳаракат реаксиялари (озиқ қидириб топиш, ўзаро тобелик муносабатлари) хеморецепсия билан боғлиқ.