Хемотропизм (хемо... ва тропизм), кимиотропизм — кимёвий моддаларнинг бир ёклама таъсирида ўсимлик органларининг бурилиб ўсиши (ўсув йўналишини ўзгартириши). Баъзи моддалар оз миқдорда мусбат Х. (ўсимлик органларининг таъсирот томонга қараб ўсиши) кўп миқдорда эса манфий Х. (органларнинг таъсирот томондан қарамақарши томонга қараб ўсиши) ҳосил қилади. Чанг найчаларининг уруғкуртакка қараб ўсишида, замбуруғлар гифасининг хўжайинўсимлик тўқимасига қўшилиб ўсиб кетишида, илдизнинг ўғит доналари томонга қараб ўсишида Х. кузатилади.