Хенан — Хитойдаги провинсия, Хуанхе ва Хуайхе дарёларининг ўрта ва қуйи оқими ҳавзаларида. Майдони 167 минг км². Аҳолиси 93,2 млн. киши (1999). маркази — Ченжоу шаҳри.

Хенаннинг шарқий қисми Буюк Хитой текислигида, ғарбида Синлин ва Тайханшан тоғлари тармоқлари жойлашган. Дарёлари зич. Хитойнинг муҳим деҳқончилик раёни. Асосий экинлари: буғдой, маккажўхори, гаолян, дуккаклилар, шоли. 2 йил давомида 3 марта ҳосил йиғиштириб олинади. Хенан Хебей провинсияси билан бирга мамлакатнинг асосий пахтачилик раёни ҳамдир. Шунингдек, ер ёнғоқ, кунжут, тоғ ён бағирларида чой экилади. Боғдорчилик билан шуғулланилади. Хенанда озиқ-овқат ва енгил саноатлар ривожланган. Кўмир саноати — оғир саноатнинг етакчи тармоғи. Металлургия, машинасозлик, кимё, семент, қоғоз саноати корхоналари мавжуд. Ҳунармандчилик билан шуғулланилади. Хенан худудидан муҳим темир йўллар ўтган. Асосий саноат марказлари: Чженчжоу, Лоян, Кайфин, Нанян ва бошқалар.