Xizr
Хизр, Ҳазрати Хизр, Хизр бува — ислом ривоятларидаги шахс, тақводор инсон. Хизр Қуръонда тилга олинмаган, лекин уламолар Қуръонда „Аллоҳнинг қули“ номи билан тилга олинган шахсни Хизр деб талқин киладилар. Хизрга одамларда Аллоҳга бўлган эътиқодни қўллаб туриш учун Исо, Илёс ва Идрис сингари абадий ҳаёт ато этилган. У ҳаёт булоғидан „оби ҳаёт“ ичган ва умри боқий бўлган. Ўнг қўлининг бош бармоғи суяксиз бўлиши, ногаҳонда йўлиқиб, бир зумда кўздан ғойиб бўлиши Хизрга хос белги саналади. Ривоятларга кўра, Хизр оролларда яшайди, осмонда учади, дунё бўйлаб кезиб юради, ҳар йили ҳаж қилади, жума кунлари Макка, Мадина ва Қуддус ш.ларидаги масжидларда намоз ўқийди. Денгизда сузувчиларга ҳомийлик қилади, махсус дуолар билан чақирилса, ёрдамга келади: сувга чўкаётганларни қутқаради, ёнғинни ўчиради, ўғрилар хуружидан, жинларнинг хийлаларидан, илон чақишидан асрайди. Чол, сувори ёки йўловчи кўринишида пайдо бўлади, деҳқон даласига ёки хирмонга назар ташласа, ҳосил баракали бўлади ва ҳоказо. Суфийлар Хизрни авлиёлар пири сифатида эъзозлайди. Ислом анъанасида Хизрнинг умри боқий деб талқин этилганига қарамай, мусулмон мамлакатларида Хизрнинг бир қанча қабри бор ва улар мусулмонларнинг зиёратгоҳларига айлантирилган.Халқимизда "Хар келганни Ҳизр бил" деган ибора бор.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ислом динига оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |