Xoʻja Chorchinor
Хўжа Чорчинор — бу зиёратгоҳ Ургут шаҳри марказидан уч километр масофада жойлашган. Зиёратгоҳдаги чинорларнинг ёши 1000-йилдан ошган, деган тахминлар бор. Кириш дарвозасидан бошланган марказий йўлакнинг икки томонидан юқорига қараб чинорлар тизмаси қад ростлаб борган. Чап қатордаги чинорлар ичида иккинчи чинор ўзининг кенглиги билан кишилар диққатини тортади. Ривоятларга кўра, чинор ўтмишда чиллахона хизматини ўтаган. Шўроларнинг дастлабки ҳукмронлик даврида бир муддат болшевикларнинг мажлис ўтказадиган жойи, кейинчалик эса мактаб вазифасини бажарган. Бошқа бир ривоятга кўра, араб қўмондонларидан бири Ҳожа Абу Толиб бўлиб, булоқ атрофида тўрт дона чинор эктиради. У вафот этгач (866-867 йиллар), шу чинорлар яқинида дафн этилади. Бу жойнинг яна бир номи "Хўжа Чорчинор" деб аталишининг тарихи шу воқеа билан боғлиқ.
Чорчинор мажмуаси ичида 1914-йилда Шайх Муҳиддинхон томонидан қурилган масжид бор. Масжиддан дастлаб мадраса сифатида фойдаланилган. Бино Абдуқодир (1868-1934-йиллар) исмли уста томонидан қурилган. 1927-йилгача мазкур мадрасада нафақат Ургут, балки шу яқин ҳудудлардан келган толиби-илмларга сабоқ берилган.
Мажмуанинг ички қисмида бир нечта тарихий шахсларнинг қабрлари бор. Улардан бири машҳур эшон Валихон Исмоилхўжа ўғли (1842-1915-йиллар) бўлиб, Мир Араб мадрасасида мударрислик қилган. У кишининг ўғиллари Шайх Муҳиддинхон (1875-1931-йиллар) ҳам Ургутда яшаб, Бухоро мадрасаларида мударрислик қилган. Шайх Қутбиддинхон Муҳиддинхон ўғли (1906-1983-йиллар) машҳур шарқшунос олим бўлган.
Мажмуанинг ташқари қисмида эски қабристон бўлиб, Ҳожа Абу Толиб шу ерга дафн қилинган.