Хожа Ҳошим – (?—1635) – аллома ва авлиё. Хожа Ҳошим нақшбандия тариқати буюк пири муршиди, улуғ валиюллоҳ, соҳибкаромат зот, атоқли тарбиячи, аллома бўлган[1]. Муҳаммад Доро Ҳанафий Қодирийнинг „Сафинатул авлиё“, Носириддин Тўранинг „Равойиҳул қудс“, Мирзо Салимбекнинг „Кашкўли Салимий“, К.Каттаевнинг „Махдуми Аъзам ва Даҳбед“, Н.Йўлдошевнинг „Бухоро авлиёлари тарихи“ китобларида ва бошқа манбаларда Хожа Ҳошим ҳақида маълумотлар мавжуд. Маълумки, қутби замон, буюк валиюллоҳ Ҳазрат Махдуми Аъзам Даҳбедийнинг ўғли Муҳаммад Аминхожа (Хожа Калонхожа) эди. Хожа Калонхожанинг (1517—1596) ўғли ҳазрат Хожа Ҳошим ҳисобланди. Носириддин Тўранинг ёзишича, Аллоҳ таоло Хожа Ҳошимга улуғ мақом, буюк даражалар ато этган: „Вайро мартабайи Ғавсул Аъзам (Шайх Абдулқодир Гелоний) ва мақоми Ҳазрат Хожаи Бузург (Баҳоуддин Нақшбанд) будааст. Ва дар машойихи муттаахирин ва дар табақаи Даҳбедия ҳеч яке аз машойихро мисли ин мартаба набудааст. Дар замони вай бинои хонақои файзгоҳи Даҳбедро Ялангтўш Баҳодурхон бино карда аст“. Ҳазрат Хожа Ҳошим туғма валиюллоҳ бўлиб, ёшликларидаёқ унинг кароматизоҳир бўлган. У болаликларида хонақоҳга келган кишиларнинг оёқ кийимига қараб: „Бу жаннатий, бу эса дўзахий!“ деган. Табиийки, бундан айримлар норизо бўлади. Шу сабаб Ҳазрат Хожа Калон дейдиларки: „Бозордан нон олиб келиб, у кишига едиринглар!“ Шубҳали таомни тановул қилганларидан сўнг Ҳазрат Ҳошимдаги бу қобилият йўқолган. „Кашкўли Салимий“, „Тарихи Муқимхоний“ китобларида ёзилишича, аштархоний Вали Муҳаммад Бухоро тахтидан ағдарилгандан сўнг Эрон ҳукмдори Шоҳ Аббос ҳузурига бориб, ундан ёрдам сўрайди. Вали Муҳаммад 80 минг эронлик қизилбош билан Бухоро устига бостириб келади. Бухоро хони Имомқулихон ночор қолиб, Ҳазрат Хожа Ҳошимга мурожаат қилади. Ҳазрат Хожа Ҳошим Имомқулихонга далда бериб, унинг ҳақига дуо қиладилар. Мана шу дуонинг баракотидан Имомқулихон ушбу жангда енгади. Натижада Вали Муҳаммад асир тушиб, қатл этилади, қизилбошлар мағлуб бўлиб, кўплари қирилади. Манбаларда ёзилишича, Ҳазрат Хожа Ҳошим 1635-йилда вафот этган ва қабри Самарқанддаги Даҳбедда, бобоси ва отасининг ёнидадир[2].

Авлиё

Исм

Хожа Ҳошим

Таваллуди

Вафоти

1635-йил

Фалсафа мактаби


Манбалар

  1. ↑ Йўлдошев Н. Бухородаги айрим авлиёлар тарихи. Бухоро: Бухоро нашриёти, 1993 — 143-бет. 
  2. ↑ Садриддин Салим Бухорий. Бухоронинг табаррук зиёратгоҳлари. Бухоро: Дурдона нашриёти, 2012 — 291-бет.