Xomtok
Хомток — Токни парвариш қилиш усулларидан бири; кузги ва баҳорги ток кесишнинг давоми. Хомток қилинган ток ҳаво, ёруғлик ва қуёш нуридан тўла фойдаланади, касалликка кам чалинади; новда ва мевалари яхши ривожланади, пишиб етилади, ҳосил кўпаяди.
Хомток ҳақида
Ток, асосан, 2 марта хомток қилинади. Биринчи хомток ток шўра чиқариб, ҳосилли ва ҳосилсиз новдалар фарқлана бошлагандан гуллагунга қадар ("шўра хомток"), иккинчи Хомток ток гуллаб, ғўралар мошдек бўлганда ("ғўра хомток") қилинади. Шўра хомтокда кундадан ўсиб чиққан бақувват новдалардан 3—4 таси қолдирилиб (улар қариган зангларни ёшартиришда фойдаланилади), қолганлари кесиб ташланади, эндигина гулга кираётган ҳосилли новдаларнинг учини чилпиш ҳосилдорликни ва ҳосил сифатини оширади (новдалар вақтинчалик ўсишдан тўхтаб, озиқ моддалар шўра ва гулларнинг ривожланишига сарф бўлади). "Ғўра хомток" да биринчи хомтокдан қолган ҳосилсиз, ортиқча зич ва ноўрин ўсган, асосий новдалар ва шу йилги новданинг қўлтиғидан ўсиб чиққан бачки новдалар олиб ташланади.
Хомток қилиш
Хомтокни ўтказиш ток нави, агротехника тадбирлари, об-ҳаво ва ер шароитларига боғлиқ. Кучли ўсувчи ток навлари хомток қилинганда ортиқча новдалар олиниб, сийраклаштирилади. Ток ўртача ўсиб, ҳосил яхши бўлса, новдалари тараб боғлаб қўйилади. Сует ўсган токнинг барг ва новдалари оз бўлиб, уларни ортиқча сийраклаштириш ҳосилни офтобдан зарарланишга олиб келиши мумкин. Хомтокда баргларни кўплаб ва палапартиш юлиб ташлаш ярамайди. Чунки, барг сийраклашса, ҳосилли новдаларга озиқ моддаларнинг келиши сусаяди, юлинган барг қўлтиғидаги куртак зарарланади. Хомтокдан кейин қоддирилган новдалар тезда нам чипта билан бағазларга боғланади, акс ҳолда улар салгина шамолда ҳам синиб кетади.
Жамолиддин Файзиев.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |