Хонақоҳ — катта бино ёки унинг асосий хонаси: диний меъморий иншоотлардаги (масжид, мадраса ва бошқалардаги) катта хона (зал), зиёратчилар учун қурилган жамоатхоналар, ҳужралар ҳам шундай аталади; суфийлар машғулотларини ўтказишга мўлжалланган катта хона ва унинг атрофига қурилган хужралардан иборат меъморий маскан; маҳалла, қишлоқ масжидларининг томи (ёпмаси) гумбазли ёки текис бўлган қишки қисми.

Ўрта асрларда хонақоҳ одам, борлиқ, Тангри муносабатларига оид муршид ва муридлар суҳбатлари ўтказиладиган маскан эди[1].

Хонақоҳ, одатда, мурабба ёки тўртбурчак тарҳли бўлиб, бир неча кириш эшигига эга бўлган. Мужассамотида, айниқса, очиқ муҳитда марказийликка мойиллик сезилади. Асосий кириш эшиги анъанавий усулда баланд пештоқли қилиб қурилган, эшиклар тобадонига ёғоч панжаралар ўрнатилган, ичи оддий, равоқли, токчали, мехроби серҳашам безатилган. Бинолар таркибидаги хонақоҳ мақбара бўлган ёки тунга ўхшаш вазифани бажарган (масалан, Тошкент шаҳридаги Бароқхон мадрасасидаги Суюнчхўжа мақбараси, Абулқосим мадрасасидаги Мўйи муборак хонақоҳи ва бошқалар). Маҳалла масжидлари хонақоҳи гумбаз томли қилиб қурилса ҳам, айвонининг шифти текис бўлган. Кўп ҳолатларда хонақоҳ ҳам, айвон ҳам бир хил тўсинли қилиб қурилган. Йирик хонақоҳлар амалий безак санъати намуналари (ганч ва ёғоч ўймакорлиги, наққошлик ва бошқалар) билан жозибадор безатилган (Бухородаги Хўжа Зайнуддин, Чор Бакр, Қосим Шайх хонақоҳлари диққатга сазовор). Хонақоҳ махсус бино сифатида Марказий Осиёда Амир Темур даврида ҳам маълум бўлган, ХВИ асрдан кенг миқёсда қурила бошлаган. Вақт ўтиши билан хонақоҳнинг вазифаси ўзгариб борган, сўнгги ўрта асрларга келиб хонақоҳ дарвишлар зикру самў қиладиган масканга айлана бошлаган.

Манбалар

  1. ↑ Жуманазар 2017, с. 55.

Адабиётлар

  • Жуманазар А.. Бухоро таълим тизими тарихи. Тошкент: Академнашр, 2017 — 592-бет. ИСБН 978-9943-4728-2-2.