Хондамир Ғиёсиддин Муҳаммад ибн Хожа Ҳумомуддин ибн Хожа Жалолиддин Муҳаммад ибн Бурҳониддин Муҳаммад Шерозий (1473-1476, Ҳирот – 1534, Манду; Деҳлида дафн этилган) – тарихчи. Она томондан Мирхонднинг набираси ва шогирди. Отаси темурийлардан Султон Махмуд мирзонинг вазири бўлган. 10 ёшида Навоийнинг кутубхонасида кутубхоначи, 1498-йил мудир. 1503-йилдан Балхда Бадиуззамон Мирзо саройида хизмат қилган. 1507-1510-йилларда Шимолий Афғонистонда (Башт қишлоғида) адабий ижод билан шуғулланган. 1510-йил Хондамир Ҳиротга қайтиб келган. 1528-йил Хондамир Ҳиндистонга, Бобурийлар пойтахти Аграга, яъни Бобур хузурига борган ва 1529-йил Бобурнинг Бенгалия ва Ганг дарёси соҳили томон қилган юришида қатнашган. Бобур вафотидан сўнг Хондамир унинг вориси Ҳумоюн билан ҳарбий юришларда иштирок этган. Айни вақтда у „Ҳумоюннома“ асарини ёзади. Бу хизмати эвазига унга „Амир улмуаррихин“ унвони берилган. Ҳумоюн билан ҳарбий юришдан қайтиб келаётганда вафот этган. Васиятига биноан, Деҳлидаги машҳур қабристонга, шоир Хусрав Деҳлавий (1253-1325) ёнига дафн этилган. Хондамир 13 та асар ёзган, бизгача 8 таси етиб келган; „Маъосир улмулук“ („Ҳамаср подшохдарнинг тарихи“) (1498-1499); Алишер Навоийга бағишланган: „Хулосат улахбор фи баён улаҳвол улахёр“ („Хайрли кишилар аҳволини баён этиш борасида хабарлар хулосаси“) (1498-1500) ва „Макорим улахлоқ“ („Олийжаноб хулкдар“) (1501); „Дастур улвузаро“ („Вазирлар учун қўлланма“) (1500-1501); „Номаи номи“ („Атокли номалар“) ёки „Иншои Ғиёсиддин“, „Иншои Ғиёсий“ (1522—1523); Мирхонднинг „Равзат уссафо“ асарига Х. томонидан қўшилган илова – 7 жилд ва „Географик қўшимча“ (1522-1523); „Ҳабиб ус-сияр фи ахбор афрод улбашар“ („Инсон зоти хабарлари ва дўстнинг таржимаи ҳоли“) (1520-1524); „Ҳумоюннома“ (1534).

Хондамирнинг қолган 5 та асарининг номлари маълум холос: „Осор улмулук валанбиё“ („Подшоҳ ва пайғамбарлар ҳақида ҳикоялар“) (1524-1525); „Ахбор улахёр“ („Яхши инсонлар ҳақида хабарлар“); „Мунтахаби тарихи Вассоф“ („Вассоф тарихидан сайланма“); „Жавоҳир улахбор“ („Хабарлар гавҳарлари“); „Ғаройиб уласрор“ („Қизиқарли сирлар“). Навоийнинг маълумотига кура, Х. „Накий“ тахаллуси билан шеърлар ёзган. Х.нинг 3 жилдли „Ҳабиб уссияр фи ахбор афрод улбашар“ асарининг 1 ва 2жидди Туркистондаги хонлар, Чингизхон ва унинг авлодларининг тарихи ҳақида, 3 жилдида эса, 1490-йилларда Мовароуннахр ва Хуросондаги темурийлар ўртасидаги ўзаро курашлар, Шайбонийхон босқини ҳақида бирмунча маълумотлар бор. Хондамир Ўрта Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон тарихига оид муҳим асарлар яратган ва бу билан жаҳон маданияти хазинасига муносиб ҳисса қўшган.

Адабиётлар

  • Мадраимов, Абдумажид. Манбашунослик: Бакалавриатнинг тарих йўналиши талабалари учун дарслик. А. Мадраимов, Г. Фузаилова. Т.: Ўзбекистон файласуфлари миллий жамияти нашриёти, 2008.
  • Дилором Юсупова.