Xorazmiy
Хоразмий, Хофиз Хоразмий (ХИВ аср) — ўзбек шоири.
Истеъдодли шоир, темурийлар даври адабиётининг йирик намояндаси. Хоразмий — шоирнинг адабий тахаллуси, исми ва ҳаёти воқеалари маълум эмас. Биргина асари «Муҳаббатнома» (1353) Сирдарё бўйларида ёзилган ва Олтин Ўрда ҳукмдорларидан Муҳаммад Хўжабек (Олтин Ўрда хони Жонибекнинг ўғли)га бағишланган.
«Муҳаббатнома» ошиқнинг ўз маъшуқасига ёзган шеърий мактублари шаклида тузилган. Асар 11 номадан иборат бўлиб, саккиз номаси ўзбек тилида, учтаси (4, 8,11) форс тилида ёзилган. Асарнинг икки — араб ва уйғур ёзувидаги нусхалари мавжуд. Улар Лондондаги Британия музейида сақланади.
Асар таркибида ғазал, маснавий, қитъа, муножот, фард ва бошқа жанрлар ҳам учрайди. «Муҳаббатнома»нинг 1508-йил кўчирилган араб ёзувидаги нусхаси қайта нашр этилган, унинг асосида илмий тадқиқот ишлари (А.Самойлович, С.Қосимов, А.Шербак) олиб борилган.
Ўзбек адабиётининг Навоийгача бўлган атоқли вакилларидан, нома жанрининг асосчиси. Ҳаёти ва ижоди ҳақида айрим маълумотлар унинг бизгача сақланиб қолган ягона асари "Муҳаббатнома" орқали етиб келга’ "Муҳаббатнома" Олтин Ўрда хони Жонибекнинг ҳукмдорларидан Муҳаммад Хўжабекнинг таклифи билан 1353 йилда ёзилган. "Муҳаббатнома"нинг "Баёни воқени айтур" қисмидан маълум бўлишича, Х. илгари ҳам кўп шеърлар ёзган, айниқса, муҳаббат мавзуидаги асарлари билан шухрат қозонган, лекин улар форсийда ёзилган бўлиб, Муҳаммад Хўжабек шоирдан ишқий мавзуда туркийча китоб ёзиб беришни илтимос қилган. Х. асарининг майдонга келишида Авҳадий Мароғавийнинг форсча ёзилган "Муҳаббатнома" достонининг таъсири бўлган. Лекин Авҳадийда номалар ошиқ ва маъшуқа номидан ёзилган бўлса, Х.да ошиқнинг маҳбубасига йўллаган шеърий номалари жамланган. Ҳар бир мактуб муаллифнинг чуқур кечинмалари, мурожаати билан бошлансада, унда маъшуқа ҳусну жамоли, феълатворининг муболағали тасвири биринчи ўринга чиқади. Номалар моҳият эътиборига кўра, васф билан мадҳнинг синтезидан иборат.
Асар билан Навоий ҳам таниш бўлган. "Муҳокамат ул-луғатайн"да туркий тилнинг бойлигини исботламоқ мақсадида "Муҳаббатнома"дан мисол келтиради.
"Муҳаббатнома"нинг 2 та қўлёзма нусхаси (уйғур ва араб ёзувларида) маълум. Шулардан эскиси уйғур ёзувидаги нусха бўлиб, Британия музейида (инв. № 8193) сақланади. Нусха Шоҳрухнинг Ҳиротдаги саркардаси Мир Жалолиддин топшириғи билан Бакир Мансур томонидан 1432 йилнинг мартида Язд шаҳрида кўчирилган. Ўнта нома берилган. 364 байтдан таркиб топган.
Асарнинг араб ёзувидаги 2нусхаси ҳам Британия музейида сақланади (инв. №Адд 7914), 1508—09 йилларда кўчирилган, 474 байтдан таркиб топган. Мафоийлун мафоийлун фаувлун вазнида ёзилган.
"Муҳаббатнома" кейинги шоирларга катта таъсир кўрсатган. Хўжандий ("Латофатнома"), Юсуф Амирий ("Даҳнома"), Саййид Аҳмад ("Таашшуқнома") унга назира битганлар.
Манбалар
- Муҳаббатнома, Т., 1959; Муҳаббатнаме, М., 1969.
Адабиёт
- Маллаев Н. М., Узбекадабиётитарихи, Т., 1965; Ўзбек адабиёти тарихи [5 ж.ли], 1ж., Т., 1977.
- Бегали Қосимов
- Шербак А.М. Огузнаме, Муҳаббатнаме. — Л.: 1959.
- Хоразмий. Муҳаббатнома. Китобда: Муборак мактублар. — Т.: 1987.
- Қосимов С. Хоразмий ижоди. Номз.дисс. автореф. -Т.: 1950;
- Ё.Ишоқов. Хоразмий. Китобда: Ўзбек адабиёти тарихи. Т.1. -Т.: 1977.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |