Xotira
Хотира – инъикос этилган нарса ва ҳодисаларни ёки ўтмиш тажрибаларни эсда қолдириш ва зарур бўлганда тиклашдан иборат психик жараён. У нерв системаси хусусиятларидан бири бўлиб, ташқи олам воқеалари ва организм реаксиялари ҳақидаги ахборотни узоқ сақлаш ҳамда уни онг фаолиятида ва хулқ, хатти-ҳаракат доирасида такрор тиклаш қобилиятида намоён бўлади.
Тарихи
Хотира ҳақидаги дастлабки илмий қарашлар Шарқ мутафаккирлари ва юнон файласуфлари (Аристотел ва бошқалар)да учрайди. Хусусан, Форобий хотирага билишдаги ақлий жараённинг таркибий қисми сифатида қараб, хотирани фақат инсонга эмас, ҳайвонга ҳам хос хусусият эканини алоҳида таъкидлаган.
Хотиранинг физиологик асоси бош мия ярим шарлари пўстлоғининг муваққат боғланиши (қаранг Ассоциация) ва уларнинг кейинги фаолиятидан иборат. Хотира кўлами, ахборотларнинг узоқ вақт ва мустаҳкам сақланиши, шунингдек, муҳитдаги мураккаб сигналларни идрок этиш ва адекват реаксияларда ишлаб чиқиш бош мия нерв ҳужайралари (нейронлар) сонининг кўпайиб бориши ҳамда унинг структураси мураккаблашуви жараёнида ўсиб боради. Физиологик тадқиқотларда қисқа ва узоқ, муддатли хотиралар қайд этилган. Қисқа муддатли хотирада ахборотлар бир неча дақиқадан бир неча ўн дақиқагача сақланади, нейронлар ишига халал берилганда (масалан, электр шок, наркоз таъсирида) у бузилади. Узоқ муддатли хотирада ахборотлар одам умри бўйи сақланиб турли таъсирларга чидамли бўлади. Қисқа муддатли хотира аста-секин узоқ муддатли хотирага айланади. Хотира руҳиятнинг ўтмиш ҳолати билан ҳозирги ҳолати ва келгусидаги ҳолатларга тайёрлаш жараёнлари ўртасидаги ўзаро алоқадорликни кўрсатади. Бошқа психик ҳодисалар каби хотира ҳам шахснинг хусусиятлари, унинг эҳтиёжи, қизиқишлари, одати, феъл-атвори ва шу кабилар билан узвий боғлиқ.
Хотира намоён бўлишдаги шаклига кўра, шартли равишда эмоционал хотира (ҳис-туйғуни эсда тутиш), образ хотираси (нарсаларнинг тасвири ва хусусиятларини эсда тутиш), сўз-мантиқ хотираси (нарсаларнинг моҳияти, мазмунини сўз билан ифодаланган ҳодда эсда тутиш) каби турларга бўлинади. Булардан инсонда сўз-мантиқ хотираси етакчи ўрин тутади. Хотиранинг барча тури бир-бирлари билан чамбарчас боғлиқ ҳолда кечади. Психологияда, шунингдек, ихтиёрий ва ихтиёрсиз хотиралар фарқ қилинади. Ихтиёрий хотирада муайян материални эсда олиб қолиш олдиндан мақсад қилиб қўйилади; ихтиёрсиз хотирада бундай мақсад бўлмайди – бирор фаолиятда (масалан, меҳнат жараёнида ёки ким биландир суҳбатлашиб турилганда) ўз-ўзидан эсда сақлаб қолинади. Барқарорлиги жиҳатдан ихтиёрий хотира ихтиёрсиз хотирадан самаралироқ.
Фанда хотира билан боғлиқ равишда унутиш масаласини ўрганишга аҳамият берилмоқда. „Нормал“ унутишни психик касалликлардаги хотира бузилишидан фарқ қилмоқ керак. Бу касалликларда хотира сусайиши (гипомнезия), йўқолиши (амнезия) ёки бир томонлама кучайиши (гипермнезия) кузатилади. Баъзи касалликларда у сифат жиҳатдан бузилади: беморга бўлмаган воқеаларни гўёки ўз бошидан кечиргандек туюлади, ёки қачонлардир бўлиб ўтган воқеаларни кеча ёки бугун рўй берган деб ўйлайди (конфабуляция, псевдореминссенсия), Бундай сохта хотиралар кишида жиддий руҳий хасталиклар оқибатида келиб чиқади. Бундай касалликларга бош мия қон томирлари атеросклерози, шикастланиш, мияга қон қуйилиши ҳолатлари, оғир заҳарланишлар оқибати (масалан, алкоголизмда учрайдиган психоз) ва шу кабилар киради. Хотира бузилганда уни келтириб чиқарувчи асосий касалликни даволашга эътиборни қаратиш керак[1].
Манбалар
- ↑ Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг „Хотира“, Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (Х-ҳарфи). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000–2006-йиллар.
Ҳаволалар
| Викиомборда „Хотира“ мавзуси бўйича медиафайллар бор. |
| Викииқтибосда Хотирага тегишли иқтибослар мавжуд. |
| Викилуғатда хотира номли мақола мавжуд. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |