Хотта Ёшиэ (1918.17.7, Тояма 1998.5.9, Ёкохама) — япон ёзувчиси. Кеё университетининг франсуз адабиёти бўлимини тугатган (1942). Талабалик йилларида шеърлар ёзган. 1945-йилда Хитойга маданий фаолият учун юборилган ва Шанхайда япон ёзувчилари билан танишган. Японияга қайтгач, Хитойда орттирган тажрибасига асосланиб, "Тўлкин остида" (1948), "Ватандан айрилиш" (1950) ва бошқа романларини ёзган. "Ватан хоини" (1951) ва "Майдон ёлғизлиги" (1951) романлари ҳам бор. "Майдон ёлғизлиги" романида япон зиёлилари, унинг Корея уруши пайтида пайдо бўлаётган милитаризмга нисбатан ташвишлари акс этган. 1977-йилдан Испанияда яшаган. 1978-йил Тошкентга келган. Х.нинг истеъдоди унинг ижтимоий романларида яққол кўзга ташланади. Япониянинг 1939—45 йиллардаги, Иккинчи жаҳон урушининг сўнгги йиллари ва урушдан кейинги дастлабки йиллардаги фаолияти "Ҳайкал" (1955) романида кенг талқин қилинган, Хиросима фожиаси ва урушнинг маънавий асоратлари муаммоси "Суд" (1960—63) ва "Кўприкдаги манзара" (1970) романларида ўз аксини топган. "Гоя" (4 жиддли, 1974—77) асари ҳам бор.