Хроматография (хромо... ва ...графия) — газ, суюклик ёки эриган моддалар аралашмасини адсорбсион усулда ажратиш ва анализ қилиш. Х. рус ботаниги М.С.Свет томонидан 1903-йилда кашф этилган. 1931-йилда Кун ва унинг шогирдлари Х. ёрдамида тухум сариғидаги ксантофил, лутеин ва зеаксантин моддалари ҳамда а ва ркаротинларни ажратишди. 1941-йилда А.Мартин ва Р.Синг тақсимлаш Х.сига асос солди ва оқсил, углерод бирикмаларини ўрганишда унинг кенг имкониятларини кўрсатиб берди. 1940—45 йилларда С.Мур ва У.Стайнлар аминокислоталарни Х. усулида ажратиш ва миқдорий анализ қилишга катта хисса қўшди. 1950-йилда Мартин ва Жеймс газсуюклик Х.си усулини ишлаб чиқди.

Х. олиб борилаётган мухитга қараб газ, газсуюқлик ва суюклик Х.ларига, моддаларни ажратиш механизмига қараб молекуляр (адсорбсион), ион алмаштиргич, чўктириш ва тақсимлаш Х.ларига, олиб борилаётган жараён шаклига қараб колонкали, найчали (капилляр), қоғозли ва юпқа қатламли Х.ларга бўлинади. Адсорбсион Х. — моддаларнинг адсорбентда турлича сорбсияланиши (ютилиши)га асосланган; тақсимлаш Х.си — аралашма таркибий қисми (компонентлари)нинг қўзғалмас фаза (ғовак сатҳли қаттиқ модда юзасига ўрнатилган юқори трада қайнайдиган суюқ модда) ва элюентларда турлича эришига; ион алмаштиргич Х. — ҳаракациз фаза (ионит) ва ажралувчи аралашма компонентлари орасидаги ион алмаштириш мувозанати константалар фарқига; чўктириш Х.си эса ажратилувчи компонентларнинг қаттиқ қўзғалмас фаза устида турлича чўкмага чўкишига асосланган.

Х. хроматограф деб аталадиган асбоб ёрдамида амалга оширилади. Анализ вақтида хроматограф колонкасига юборилган текширилувчи моддалар элюент билан бирга турли вақг оралиғида алоҳидаалоҳида бўлиб колонканинг чиқиш томонига келади ва махсус сезгир асбоб — детектор ёрдамида унинг вақт бирлигидаги миқдори қайд этилади, яъни эгри чизиқ ҳолида ёзиб олинади. Бу хроматограмма деб аталади. Сифат анализи вақтида модданинг колонкага юборилгандан то чиққунгача бўлган вақги ҳар бир компонент учун доимий трада бир хил элюентда белгилаб олинади. Миқдорий анализ учун эса Х.даги пиклар (ҳар бир модда учун тегишли эгри чизиқ шакли) баландлиги ёки юзаси, детекторнинг моддага нисбатан сезгирлигини назарга олган ҳолда ўлчанади ва махсус усулда ҳисобланади.

Парчаланмай буғ ҳолатига ўтадиган моддаларнинг анализи ва ажратилиши учун кўпинча газ Х. ишлатилади. Бунда элюент (газ ташувчи) сифатида гелий, азот, аргон каби газлардан фойдаланилади. Сорбент сифатида эса (зарралар диаметри 0,1—0,5 мм бўлган) силикагеллар, алюмогеллар, ғовакли полимерлар ва бошқа ишлатилади.

Газсуюқлик Х. учун сорбент тайёрлашда солиштирма сатҳи 0,5—5 м2/г ли қаттиқ модда юзасига қайнаш температураси юқори бўлган суюкликлар (углеводородлар, мураккаб эфирлар, силоксанлар ва бошқалар) қалинлиги бир неча мкм парда ҳолида қопланади.

Колонкали суюқлик Х.да элюент сифатида осон учувчи эритувчилар (углеводородлар, эфирлар, спиртлар), қўзғалмас фаза сифатида эса силикагеллар, алюмогеллар, ғовакли шиша ва бошқа қўлланади.

Х. усулининг кашф этилиши туфайли органик кимё, айниқса, табиий бирикмалар кимёси жадал ривожланди. Х. кўп компонентли системаларни сифат ва миқдорий анализ қилиш, соф ҳолда ажратиб олишса (жумладан, саноат миқёсида) катта аҳамият касб этади. Х. ёрдамида нодир металлар анализ қилинади. Сунъий тайёрланган трансуран элементларининг очилишида ҳам Х. муҳим рол ўйнади. Х. ёрдамида 99элемент — эйнштейний (Эс), 100элемент — фермий (Фм) ва 101элемент — менделеевий (Мд) ажратилди.

Х. ҳаво, сув, тупроқ, мономерлар таркибидаги аралашмаларни аниклашда, органик ва нефт кимёси синтези маҳсулотлари анализида, доридармонлар тозалигини аниклашда, криминалистикада катта аҳамиятга эга. Космик кемалар гази, Марс атмосфераси гази, ой тупроғидаги моддаларни анализ қилишда ҳам Х. усуллари жорий этилган.

Х. юқори молекулали бирикмалар, айниқса, инсон, ҳайвон, ўсимлик, микроблар дунёсига тегишли биологик объектларнинг анализи учун ниҳоятда зарур.

Х. усуллари ўсимлик таркибидаги бирикмаларни аниқлаш, ажратиб олиш, нефт, газ таркибини ўрганишда кенг қўлланади.

Адабиёт

  • Березкин В. Г., Газо-жидкотвердофазная хроматография, М., 1986; Миркомилова М., Аналитик кимё, Т., 2003.

Муҳаббат Миркомилова.