Хуршид (тахаллуси; асл номи Шарафиддинов Шамсиддин) (1892. 20.6 —Тошкент —1960.13.9) — шоир ва драматург. Ўзбекистон миллий мусиқали драма театри асосчиларидан бири. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1941). Тошкентдаги мадрасаларнинг бирида, сўнг рустузем мактабида (1908—10) ўқиган. Отаси вафотидан кейин 1910-йилда ўқишни ташлаб, Андижонга борган ва 1918-йилга қадар приказчик бўлиб ишлаган. Х. Андижондалик пайтида Қрим, Татаристон ва Озарбайжонда нашр этилган газ. ва журналлар билан танишган. 1918-йилнинг ёз ойларида Тошкентга қайтиб, ўқитувчилар тайёрлаш 4 ойлик курсида ўқиган, сўнгра "Беҳбудий" ва "Намуна" мактабларида ўқитувчилик қилган (191820). 1920-йилдан бошлаб Эски шаҳар халқ маориф бўлимида ходим ва Маннон Уйғур раҳбарлигидаги театр труппасида суфлёр, "Муштум" журнал таҳририятида техник муҳаррир (1924— 26), Андижон вилоят театри (1929— 33) ва Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрида (1933—48) адабий эмакдош, Тил ва адабиёт институти қошидаги Адабиёт музейида илмий ходим (194960).

Х.нинг дастлабки шеърлари 1914-йилда "Туркистон вилоятининг газети", "Садои Туркистон" газ.лари, "Таржимон", "Ойна" журналлари ва "Туҳфаи Хислат" баёзида (1914) "Хоиб" тахаллуси билан эълон қилинган. Ўз шеърларини жамлаб, "Девони Шоҳидий" номи билан девон ҳам тузган (1912). Шоир кейинчалик "Муштум" журналда босилган ҳажвий шеърларида "Ўжар", "Тажанг", "Чаён" каби тахаллуслардан фойдаланган.

Х.нинг 1920-йилдан кейинги ижодий фаолияти асосан театр билан боглик. Х. драматург сифатида 20 га яқин катта ва кичик ҳажмли песалар яратган. Айниқа, М. Уйғур труппаси билан ҳамкорлик қилган йилларда "Ёмон ўртоқ", "Туганмас бойлик", "Кичик аскар", "Буюк аскар" каби саҳна асарларини ёзган. "Жадид, қадим" ва "Жувонбозлик қурбони" песалари Х.нинг драматург сифатида муайян тажриба ҳосил қилганидан дарак берди. Шундан кейин у ўзбек драматургиясида биринчи марта Навоий "Хамса"сига кирган достонлар асосида мусиқали драмалар ёзишга киришган. Унинг "Лайли ва Мажнун" мусиқали драмаси 1923-йилда, "Фарҳод ва Ширин" мусиқали драмаси эса 1926-йилда давлат намуна труппаси томонидан саҳналаштирилган. Х. кейинчалик бу 2 асарнинг ҳам мусиқали театр, ҳам опера театри учун бир неча нусхаларини яратган ва бу асарлар республика театрлари саҳнасида узоқ вақт давомида муваффақият билан намойиш этилган. Х., шунингдек, "Қалин" (1930), "Сиёвуш" (Фирдавсийнинг "Шоҳнома" асари асосида, 1945), "Ойбону" (1955) мусиқали драмаларининг хам муаллифидир.

Х.нинг мусиқий драмалар ва опера либреттолари учун "Дугоҳ", "Сегоҳ", "Чоргоҳ", "Ушшоқ", "Баёт" сингари халқ куйларига мослаб ёзган аксар қўшиқлари ўзбек қўшиқчилик санъатининг мумтоз намуналарига айланган ва етакчи ҳофизлар репертуаридан ўрин олган. Х. ўзбек миллий журналистикаси, публицистикасининг қалдирғочларидан бири сифатида ХХ асрнинг 10—20-йилларида газ. ва журналларда долзарб мавзулардаги мақола, тақриз ва фелетонлар чоп эттириб турган.

Х. Тил ва адабиёт институтида ишлаган пайтида "Юсуф ва Зулайҳо" достонини, Мунис ва Огаҳий каби шоирларнинг асарларини нашрга тайёрлаган. У бадиий таржима билан ҳам шуғулланиб, 20-йилларда номаълум муаллифларнинг "Шаҳзода ва тиланчи", "Аввали ҳой, охири вой" асарларини озарбайжон тилидан таржима қилган, 50-йилларда эса Ҳофиз Шерозийнинг бир қанча асарларини ўзбек тилига ўгирган.

Республика хукуматининг қарори билан атоқли шоир ва драматург Х. таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланди (1995). Тошкентдаги маҳалла, кўча, мактаб ва кинотеатрлардан бирига Х. номи берилган.

Манбалар

  • Танланган асарлар, Т., 1967.

Адабиёт

  • Насриддинов Б., Хуршид, Т., 1972; Насриддинов Б., Хуршид. Ҳаёти ва ижоди ҳақида монографик очерк, Т., 1975.