Хушҳолхон хаттак, Хушҳолхон (1613.18.6 — Акора —1691) — афғон шоири, мутафаккири. Афғонларнинг хаттак қабиласи бошлиғи, Бобурийлар салтанатига қарам Акора вилоятининг ҳокими (1641 йилдан). У афғон қабилаларини бирлашишга даъват этган, халқнинг миллий озодлик ҳаракатига бошчилик қилган, юртдошларини ўз мустақил миллий давлатларини тузишга чақирган, таъсирчан шеърияти билан халқни курашга руҳлантирган. Миллий афғон тили — пушту (пашту)да форстожик мумтоз адабиёти анъаналарини мужассамлаштирувчи гўзал шеърият яратган. Асарларида биродарлик, дўстлик, ишқмуҳаббат, мустақиллик, одобахлоқни куйлаган. Х.Х. яратган адабий мактаб афғон адабиётининг кейинги тараққиётига кучли таъсир кўрсатган.

40 минг байт шеърни ўз ичига олган "Куллиёт" девони Х.Х.нинг асосий адабий меросини ташкил этади. Х.Х. бундан ташқари, тарих, география, тиббиёт, ҳарбий санъат, сиёсат ва бошқа соҳаларга оид асарлар хам яратган. Маснавий шаклида ёзилган "Фазлнома" достони диний масалаларга, "Фарахнома" достони килич ва қалам мунозарасига бағишланган. "Фироқнома" тўплами шоирнинг маҳбуслик даврида ёзган маснавий ва ғазалларини ўз ичига олади. "Дасторнома" сиёсат, мазҳаб, ахлоқ, ҳарбий санъат сингари турли мавзуларни қамраган насрий асардир. "Сиҳат улбадан" — тиббиёт, "Бознома" асари эса ов тўғрисида ҳикоя қилади.

Х. Х. "Ҳидоя" асарини араб тилидан, Анвар Суҳайлийнинг "Аъёри дониш" ини форс тилидан пушту тилига таржима қилган. "Куллиёт"и Кобул, Пешовар, Деҳли, Калкутта ва Лондон кутубхоналарида сақланади.

Адабиёт

  • Ғаниев А., Абаева Т., Афғон классик шоири Хушҳолхон Хагтак, Т., 1967.