Хусравоний (форс. шоҳларга мансуб) — Ўрта Осиё ва Эрон қад. бастакорлик санъати, хусусан, Борбад ижодига нисбат этилган мусиқий асарлар туркуми. Дастлаб, 7 қисмдан иборат бўлиб, 7 хил пардада куйланувчи шоҳона (жасорат, мардлик ва бошқалар) мавзуларга оид (айримлари "Авесто" матнларидаги) қўшиклардан тузилган. Кейинроқ булар асосида ўзга мавзулар қамровидаги туркумли асарлар юзага келган (мас, "Арус Ганжи" — "Гов ганжи" — "Шабода ганжи" — "Афросиёб ганжи"; "Эраж қасди" — "Сиёвуш қасди" — "Ғамдор" — "Доду фарёд"; ва бошқалар). Х. туркумлари Шарқ бадиий (Фирдавсий, Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий, Навоий ва бошқалар) ва илмий (Форобий, Абу Абдуллоҳ Хоразмий, Муҳаммад Нишопурий, Хожа Абдулқодир Мароғий ва бошқалар) асарларда кенг таърифланган. Рисолаларда кўрсатилишича, турли оммавий тадбирлар, хусусан, Наврўз байрами ва ҳатто ҳарбий юришлар Х. туркумидаги куй ва қўшиқларсиз ўтмаган. Х. кейинчалик Ўн икки мақом тизими ва ўзга мукаммал туркумлар шаклланишида омил вазифасини ўтган.

Адабиёт

  • Гафурбеков Т., Творческие ресурси националной монодии, Т., 1984; Борбад, эпоха и традиции култури, Душанбе, 1989.

Тўхтасин Ғафурбеков.