Ядро моделлари — атом ядросининг турли хоссаларини ўрганиш учун тузиладиган тасаввурлар. Шу вақтгача олимлар томонидан тавсия этилган Ядро моделларининг бирортаси ҳам ядронинг хоссаларини тўлиқ ёритиб бера олмайди. Шу сабабли, бир неча Ядро моделлари қўлланади. Айниқса, томчисимон ва қобиқсимон моделлардан самарали фойдаланилади.

Ядронинг гидродинамик (томчи) модели 1936-йилда Н.Бор томонидан таклиф қилинган. Ядронинг томчи модели ядродаги нуклонларнинг баъзи хоссаларини суюқлик томчисидаги молекулаларнинг хоссалрига ўхшашлигига асосланган. Масалан ядродаги нуклонларнинг ўзаро таъсир потенсиали суюқликдаги молекулаларнинг ўзаро таъсир потенсиали каби қисқа таъсирни ифодаловчи потенсиал бўлиб, таъсир кучлари тўйинганлик хоссасига эга. Томчининг ҳажми ундаги зарралар сонига пропорсионал. Ядронинг суюқлик томчисидан асосий фарқи шундаки, ядро зарядга эга сиқилмайдиган суюқлик бўлиб, у квант механикаси қонунларига бўйсунади.

Ядронинг коллектив модели - ушбу моделда ядрони барча қобиқлари тўлдирилган мустаҳкам ички қисм — ўзак ва ўзак нуклонлари ҳосил қилган марказий майдонда ҳаракат қилувчи ташқи нуклонлардан тузилган деб тасаввур қилинади. Ўзак ташқи нуклонлар таъсири натижасида ўз шаклини ўзгартириши мумкин, яъни тебранади. Ўзакнинг ҳаракати гидродинамик тенгламалар ёрдамида ифодаланади. Ташқи нуклонлар эса бу нуклонлар билаб ўзаро таъсирлашув натижасида ўзгарувчи ўзак майдонида ҳаракат қилади.

Қўзғалиш энергиясининг кичик қийматларида қатор ядроларда энергетик сатҳларнинг кетма — кетлиги кузатилади, бу сатҳларни ядро сиртининг гармоник тебраниши ёки деформацияланган ядронинг бутунлигича айланиши натижасида ҳосил бўлган деб изоҳлаш мумкин. Бундай ҳаракатлар ядронинг коллектив эркинлик даражаси билан боғлиқ. Бу энергетик сатҳларнинг коллектив ҳаракат билан боғлиқлиги эса сатҳлар орасидаги катта квадрупол моментига эга бўлган электромагнит ўтишларнинг интенсивлиги юқорилигидан кўринади. Нуклоннинг ядродан чиқиб кетиш остона энергиясидан уйғониш энергияси катта бўлганда ядронинг коллектив сатҳлари ядро реаксиялари кесимларида кенг пик сифатида намоён бўлади ва улар гигант мултипол резонанслар дейилади. Улардан энг каттаси бу гигант дипол резонансидир. Сферик симметрик жуфт — жуфт ядросиртларининг тебранма ҳаракат энергетик спектрларини беш ўлчовли гармоник оссилятор модели асосида тушунтириш мумкин. Бунда сиртнинг тебраниши агарда амплитудаси кичик бўлса, суюқ томчи сиртининг гармоник тебраниши каби қаралади. Жуфт — жуфт ядроларнинг айланма ҳаракат энергетик спектрини эса аксиал — симметрик ротатор модели асосида тушунтириш мумкин. Нейтронларнинг протонларга нисбатан тебраниши билан боғлиқ бўлган гигант резонансларни гидродинамик модел асосида ифодаланади.
Фойдаланилган адабиётлар:

Т. М. Мўминов, А. Б. Холиқулов, СҲ. Х. Хушмуродов

„Атом ядроси ва зарралар физикаси“

Ядро моделлари

Ҳозирда қуйидаги ядро моделлари мавжуд: