Яҳуд - яҳудийлар. Яҳуд истилоҳи Қур’онда Макка даврида пайдо бўлган, Муҳаммад (с.а.в.) замондошлари бўлган яҳудийлар ёки умуман яҳудийларни англатган ва одатда насоролар (христианлар) билан ёнма-ён учрайди (Оли Имрон, 67/60; Моида, 18/21,82/85; Тавба 30 ва б.). Мадинагача яҳудийларнинг муқаддас тарихига қилинган кўплаб иқтибосларда, асосан, Бану Исроил - «Исроил фарзандлари» ибораси ишлатилган. Қур’онда яҳудийларга нисбатан 2 хил ёндашув акс этган. Бир томондан улар мусулмонлар каби яккахудолик тамойилларига амал қилишган, шунингдек, Иброҳим (а.с.) элчилиги билан боғлиқдирлар. Муҳаммад (с.а.в.) Макка ва Мадинада бўлганларининг дастлабки пайтларида Ясриб (Мадина) ва Шим. Арабистондаги кўплаб воҳалар аҳолисиининг анчагина қисмини ташкил этган яҳудийлар орасидан ўзларига сафдош ва издошлар топиш умидида эдилар. Бироқ, Ясриб яҳудийлари Муҳаммад (с.а.в.) нинг пайғамбар эканликларини тан олмадилар ва у зотни ишончсиз, масхаралаб кутиб олдилар, сўнгра қурайшийлар билан иттифоқ тузиб, Расулуллоҳнинг очикдан-очиқ душманига айландилар. Натижада, ҳижратнинг дастлабки йилларида мусулмонлар билан яҳудийликка э’тиқод қилган ясрибликлар ўртасида бир нечта тўқнашувлар содир бўлиб, оқибатда Бану Қайнуқо, Бану Қурайза ва Бану Надир қабилалари а’золари Мадинадан қувғин қилинганлар, сўнгра яҳудийларнинг марказлари - Хайбар, Фадак ва б.га ҳарбий юришлар қилинган[1].

Манбалар

  1. ↑ Нажмиддинов, Каримов, Турдиева 2017, с. 437.

Адабиётлар

  • Нажмиддинов Ж., Каримов Ж., Турдиева Д.. Диншунослик. Қомусий луғат. Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2017 — 480-бет. ИСБН 978-9943-5105-3-1.