Якор (рус.) — 1) кемалар ва бошқалар сузиш воситалари (маёқ, бочка, земснаряд ва бошқалар)ни очиқ сувда тутиб туриш учун мўлжалланган қурилма (қаранг Лангар). 2)электр машина нинг айланувчи қисми. У айланганда электр чулғамларида электр юритувчи куч (э.ю.к.) ҳосил бўлади (индуксияланади). Электротехника пўлати листларидан йиғиб тайёрланган магнит ўзакдан иборат. Пўлат листлар лок ёки қоғоз билан бир-биридан изоляциялаб қўйилади. Ўзакдаги ўйиқларга сим чулғами жойлаштирилади. Чулғам коллектор пластинкаларига, улар ёрдамида чўткалар орқали ташқи занжирга уланади.