Ялпиз — лабгулдошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўцимон ўсимликлар туркуми, доривор ва эфирмойли ўсимлик. Шимолий ярим шарнинг илиқ иқлимли минтақаларида 20-25 тури тарқалган. Европа мамлакатлари, АҚСҲ, Украина, Беларус ва Шимолий Кавказда ялпизнинг тахир (аччиқ) ялпиз ва жингалак ялпиз, Хитой, Ҳиндистон, Бразилия ва бошқалар мамлакатларда далаёки сув ялпиз турлари экилади. Ўзбекистонда 4 тури: сув ялпиз, осиё ялпизи, тахир (аччиқ) ялпиз ва жингалак ялпиз ёввойи ҳолда ўсади, Пояси тик шохланган, бўйи 25–100 см гача, барглари қарама-қарши жойлашган, ромбсимон, наштарсимон ёки тухумсимон, гуллари чала соябонсимон тўпгулга йиғилган, бинафшаранг. Май–октабрда гуллайди. Ялпиз ёруғсевар, намсевар ўсимлик. Баргларида 2,5— 3 %, гулларида 4—6 %, поясида 0,3 % ментол (валидолнинг таркибий қисми)га бой бўлган эфир мойи, шунингдек, флавоноидлар, витаминлар, ошловчи моддалар бор. Тиббиётда ялпиз баргидан тайёрланган тиндирма (настойка) ва дамламасидан кўнгил айниганда ҳамда ўт ҳайдовчи восита сифатида фойдаланилади. Барглари ва поясидан олинган ялпиз мойи парфюмерия, озиқ-овқат саноатида ва тиббиётда, баҳорда янги чиққан барглари ошкўк сифатида ишлатилади. Вегетатив (баҳорда илдизини бўлиб экиш) йўли билан кўпайтирилади. Ўзбекистоннииг барча вилоятларида нам ерларда, ариқ ва дарё бўйларида ўсади[1].

Манбалар