Янтоқ (Алҳаги) – дуккакдошлар оиласига мансуб кўп йиллик бегона ўтлар туркуми. Ўрта Осиёнинг дашт, чўл, чала чўлларида ҳамда Россиянинг Европа қисмидаги чала чўл раёнларида 5 тури маълум. Ўзбекистонда Я.нинг сохта янтоқ ва қирғиз янтоғи тури ўсади. Бўйи 40—110 см, тик, сершох, илдизи кучли ривожланган, ер ости сувларигача етиб боради (10 м ва ундан ортиқ). Барг қўлтиғида қаттиқ тиканлари бор. Барглари чўзиқ, наштарсимон, барг банди калта, кетма-кет жойлашган. Гуллари майда, қизил ёки пушти. Май – сентябрда гуллайди, август – октябр ойларида уруғлайди. Меваси 10 тагача уруғ бўлган дуккак. Я.нинг ер усти қисми қишда қуриб қолади, баҳорда илдиз бўғзидаги куртаклардан янги поялар ўсиб чиқади. Уруғи ва илдиз бачкиларидан кўпаяди. Уруғи пўстлоғи қаттиқ бўлгани туфайли жуда секин унади. Я.нинг ҳамма тури туячилик ва қўйчиликда яхши озуқа ҳисобланади. Гули ва илдизидан халқ табобатида турли дамламалар тайёрланади. Я.дан юқори сифатли емхашак, силос ва озиқ уни олинади. Я. яхши асал берувчи ўсимлик. Дарахциз чўлларда Янтоқ.дан ўтин сифатида фойдаланилади. Суғориладиган ерларда, йўл, ариқ, каналлар бўйларида, ташландиқ ерларда, экинзорларда бегона ўт сифатида ўсади. Янтоқ аллергияни даволашда қўлланади: Бунинг учун янтоқнинг гулини қайнатиб ичиш керак.

Кураш чоралари: алмашлаб экиш, ерни чуқурроқ ҳайдаш, илдизпояларни йиғиб олиш, далаларга чириган гўнг солиш ва бошқалар