Елюй Даши — (1087—1143-йиллар) — Ғарбий Ляо сулоласи (Қорахитой хонлиги)нинг асосчиси. 1124—1143-йилларда ҳукмронлик қилган. У журчен қабилаларининг Сзин сулоласи томонидан ағдарилган Шимолий Хитойдаги Ляо сулоласидан қочиб, Ўрта Осиёга кўчиб ўтган ва у ерда янги империяга асос солган. Елюй Даши Ляо императорлари хонадонига мансуб бўлиб, „Ляо тарихи“да уни „Кидан ва хитой ёзувларини яхши билган, от миниш ва камондан ўқ отишда зўр бўлган ва Тянсинг эрасининг бешинчи йили (милодий 1115-йил)да олий императорлик имтиҳонидан ўтган“ деб таърифланади. Дастлаб кичик маъмурий лавозимларда иш бошлаган Елюй Даши журченларнинг ҳужуми сабабли Ляо императори Тянзонинг энг яқин саркардаларидан бирига айланган. Истило сабабли император ғарбга қочиб кетгач, Ляо Жанубий пойтахти (ҳозирги Пекин) мудофаасини ташкиллаштирган. Узоқ муддатли курашларда давлатни қайта тиклаш имконияти бой берилгандан сўнг, Елюй Даши ўзини ҳукмдор деб эълон қилган ва 1124-йилда ўз яқинлари билан шимоли-ғарбдаги Кедун шаҳрига борган[1]. Елюй Даши Ғарбий ҳудудлардаги аскарлар, моғул жангчиларидан қўшин тузиб Ўрта Осиё ҳудудларига юришлар уюштира бошлаган. 1132-йилда унга ўз тарафдорлари томонидан „Гурхон“ унвони берилиб, император деб эълон қилинади. Кўп ўтмай Шарқий қорахонийлар ҳукмдори Иброҳим ИИ ибн Аҳмад уни қарлуқлар ва қанғлиларга қарши курашда ёрдам беришга таклиф қилган ва 1134-йилда ушбу давлат ерларини ўз тасарруфига киргизган. 1137-йил май ойида Елюй Даши Хўжандда Ғарбий қорахонийлар ҳукмдори Рукниддин Маҳмудни мағлубиятга учратиб, ўз империясини ғарб ва жанубга кенгайтиради. Ўшанда салжуқийларнинг вассали бўлган Маҳмуд султон Аҳмад Санжарга ёрдам сўраб мурожаат қилган. 1141-йилги Қатвон жангида эса Елюй Даши салжуқий турклар устидан ҳал қилувчи ғалабага эришган. Ўрта Осиёда қорахитойлар ҳукмрон кучга, Хоразм ва қорахонийлар эса унинг империясига вассал давлатларига айланганлар. Елюй Даши 1143-йилда вафот этган[2].


Манбалар

  1. ↑ Тwитчетт Д., Тиэтзе К.. Тҳе Лиао // ин тҳе: Тҳе Cамбридге Ҳисторй оф Чина. Вол.6: Алиэн Регимес анд Бордер Статес 907—1368. Cамбридге: Cамбридге Университй Пресс, 1994 — 387-бет. 
  2. ↑ Крадин Н.Н., Ивлиэв А.Л. История киданского империи Ляо (907—1125). Москва: Наука, 2014 — 245-бет.