Ер (ишлаб чиқариш воситаси сифатида) – меҳнат жараёнининг зарурий моддий шарт-шароити ва энг муҳим ашёвий омилларидан бири. Е. инсон ҳаёти учун зарур бўлган моддий шароитлар орасида тупроқ қоплами, ер ости бойликлари, ўрмонлари, суви билан алоҳида аҳамиятга эга. И.ч. жараёнига ки-ритилган Е.га жонли ва буюмлашган меҳнат сарф этилиши билан у и.ч. воситаси бўлиб қолади. Аммо моддий и.ч.даги турли тармоқларнинг ривожланишида Е.нинг иқтисодий ўрни турличадир. Ундирувчи саноатда Е. жамият учун зарур бўлган бойликлар қазиб олинадиган хазина бўлиб хизмат қилади. Қ.х. ишлаб чиқариши Е., тупроқ унумдорлиги, табиий, биологик жараёнлар билан бевосита боғлиқдир. Қ.х.да Е. меҳнат жараёни кечадиган умумий шароит ва майдон бўлишидан ташқари яна 2 муҳим вазифани бажаради: и.ч. жараёнида инсон таъсир кўрсатадиган меҳнат предмети ва инсон ўзи етиштирадиган қишлоқ хўжалиги ўсимликларига таъсир кўрсатишини таъминлайдиган и.ч. қуролидир.

Э. такрор ишлаб чикарилмайдиган и.ч. воситаси бўлиб, геологик, иклимий ва б. омилларга боғлиқ. Ишлаб чикарувчи кучларни ривожлантириш йўли билан янги Е.ларни ўзлаштириб, қишлоқ хўжалиги учун яроқли Е.ларга айлантириш мумкин. Бироқ унинг ҳам ниҳояси бор. Е.нинг табиий чегараланганлиги ундан интенсив фойдаланиш зарурлигини тақозо қилади. Е. ўрнини тўлдириб бўлмайдиган и.ч. воситасига мансуб. Техника билан қуролланишнинг ўсиши ва ишлаб чиқарувчи кучларнинг ривожланиши даражасига қараб қишлоқ хўжалиги Е.ларини кўпайтириш, уларнинг асосий қисми – ҳайдаладиган Е.ларнинг салмоғини ошириш имконияти пайдо бўлади. Аммо саноатнинг ривожланиши натижасида бунинг акси – қишлоқ хўжалиги Е.ларнинг қишлоқ хўжалиги оборотидан чиқиб кетиш жараёни ҳам юз беради. Ҳар йили кенг миқёсда саноат, курилиш, транспорт эҳтиёжлари учун катта миқдорда Е. ажратилади. Унинг асосий қисми қишлоқ хўжалиги Е.лари ҳиссасига тўғри келади. Жамиятда Е.дан қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиш етакчи ўринга қўйилади, чунки фақат қишлоқ хўжалигида Е. асосий и.ч. воситасидир.

ХХИ аср бошида Е. куррасида мавжуд 13 млрд. га Е. майдонидан 1,5 млрд.га (қуруқликнинг тахминан 10%) ҳайдалиб, деҳқончилик қилинади (1998). Инсониятнинг деҳқончилик тарихида тахминан 2 млрд. га унумдор Е.лар сув бостирилиши, шўрланиши, чўлга айланиши, қурилиш ишлари олиб борилиши туфайли йўқотилган. Ҳозир дунё бўйича ҳар йили 6—7 млн. га унумдор Е.лар қишлоқ хўжалиги тасарруфидан чиқиб кетмоқда. Шу сабабли олимлар, жамоат ва халқаро ташкилотлар, жумладан БМТ экологияга, экинзор Е.ларни авайлаш, тупроқ унумдорлигини сақлаш каби муаммоларга катта эътибор бермоқда. БМТ 1990-йилдан 22 апрелни Она Заминга эътибор, уни авайлаб асрашга қаратилган халқаро Ер сайёраси куни деб эълон қилди ва шу сана жаҳон миқёсида ҳар йили кенг нишонланмоқда.

Ўрта Осиё шароитларида ер фондининг энг қимматли муҳим қисми – суғориладиган Е.лар. Тўғри фойдаланилганда берадиган маҳсулоти бўйича 1 га суғориладиган ер 6—7 га лалмикор Е.га, 50 га баланд тоғли ва 100 га чўл яйловига тенг . Ўрта Осиёда сугориладиган Е. майдонларини кенгайтириш имкониятлари ҳали ҳам катта. Мелиорациялаш, Е.дан илмий асосларда тўғри фойдаланиш, унинг унумдорлигини ошириш халқ хўжалиги масалаларини ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга. Ўрта Осиё минтақасида 6,8 млн.га атрофида суғориладиган Е. бор (Жаҳон бўйича 271432 минг га; 1998).

Э.нинг истеъмол қийматини яратувчи ва айни бир пайтда унинг меҳнат предмета ва меҳнат воситаси бўлишини таъминлайдиган асосий хоссаси – унинг унумдорлиги, яъни Е.нинг ўсимликларни ўсиш учун зарур бўлган озиқ моддалар билан таъминлаш хусусиятидир. Тупроқ унумдорлиги табиий ва иқтисодий унумдорликка бўлинади. Табиий унумдорлик – тупроқнинг бошланғич, имкониятдаги унумдорлиги бўлиб, тупроқнинг физик, кимёвий, биологик хусусиятлари ва иқлим шароитлари билан мустаҳкам алоқадорлик-ка эга. Табиий унумдорликнинг потенсиал имкониятлари меҳнат предмети сифатида тупроққа ишлов бериш билан, инсоннинг фаолияти натижасида юзага чиқади. Меҳнат таъсирида Е.нинг табиий унумдорлиги самарали ёки иқтисодий унумдорликка ўтади, бундай унумдорлик ишлаб чиқарувчи кучларнинг ривожланиш даражасига, фан ва техника тараққиётига қараб ўзгариб боради. И.ч. қуроллари ва фан тараққиёти даражасининг юксалиши Е.нинг унумдорлигини тобора ошириб боришга имкон беради. Тупроқ унумдорлигининг ортиб бориши, яъни тўғри фойдаланганда Е. сифатининг яхшиланиши и.ч. воситаси бўлган Е.нинг энг муҳим ўзига хос хусусиятидир. Шу сабабли Е.дан оқилона фойдаланиш, Е. майдонларини кенгайтирмаган ҳолда и.ч.ни интенсивлаш қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни таъминлайдиган бош йўналиш ҳисобланади.

Экинлар ҳосилдорлиги ва чорва маҳсулдорлигининг ўсиб бориши и.ч. воситаси бўлган Е.нинг сифати яхшиланишининг бевосита исботи бўла олади. Е.га тўғри муносабатда бўлиш бир майдоннинг ўзидан маҳсулот чиқишини – мах.сулдорликни тобора кўпайтиришни таъминлайди. Келгусида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш и.ч. воситаси бўлган Е.нинг сифатини тобора яхшилаш ҳисобига эришилади. Қ.х. ишлаб чиқаришини интенсивлаш бўйича катта тадбирлар дастури – минерал ўғитлар қўллаш, мелиорация, табиий-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда деҳқончилик тизимини такомиллаштириш худди шу масалага йўналтирилган.

Э.дан фойдаланиш самарадорлигини ўстиришнинг омилларидан бири – ер фондидан ҳар томонлама ва интенсив фойдаланишга асосланган тўғри хўжалик юритиш тизимини жорий қилишдир. Шу сабабли конкрет тупроқ ва иклим шароитлари, Е.нинг мелиоратив ҳолатини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган алмашлаб экишни жорий қилиш муҳим ўринда туради.

Қ.х. назарияси ва амалиёти илмий технология тупроқ унумдорлигини тобора яхшилаш ва экинлар ҳосилдорлигини оширишга кенг имкониятлар яратиб бера олишини аллакачон исбот этган. Е.нинг асосий и.ч. воситаси сифатида ўзига хос хусусияти деҳқончиликда и.ч. вақти билан иш даври (яъни и.ч. воситаларининг асосий қисмидан, меҳнат ресурсларидан фойдаланишнинг мавсумийлиги) ўртасидаги узилишни вужудга келтиради. И.ч. воситаси сифатида Е.га бўлган мулкчилик муносабатлари и.ч. (аграр муносабатлар) ҳарактерини белгилайди (қаранг Аграр масала).

Ўзбекистонда Е.га оид ҳукуқий муно-сабатлар 1998-йил 30 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси билан тартибга солинади. Е. муносабатларига оид ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, Е. ресурсларини бошқариш тузилмасини такомиллаштириш ва Е. фондидан оқилона фойдаланишни таъминлаш мақсадида ЎзРда 1998-йил 24 июлда Ер ресурслари давлат қўмитаси ташкил этилди.

Э. умуммиллий бойлик бўлиб, Ўзбекистон Республикаси халқи ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси сифатида ундан оқилона фойдаланишни тақозо этади ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади (яна қ. Ер ресурслари, Ер фонди, Ердан фойдаланиш).

Султон Холназаров.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил