Ер баланси — ер турларининг ерга эгалик қилувчи ва ердан фойдаланувчи хўжаликлар, корхоналар, муассасалар, уюшмалар, қўшма ва кичик корхоналар, деҳқон ва фермер хўжаликлари бўйича таркиби, салмоғи, майдони ва сифат кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотлар жамланган ҳужжат.

Э.б.да қуйидаги маълумотлар акс эттирилади: жами ер майдони; Е.б. тузилган ер эгалиги ёки ердан фойдаланувчига оид бўлмаган, лекин чегараси қамраб олинган ҳудудда жойлашган ердан фойдаланувчи бошқа субъектлар ер майдони, қишлоқ хўжалиги ерлари (ҳайдаладиган ерлар, кўп йиллик дарахтзорлар, пичанзор ва яйлов ерлар, партов ерлар); унинг ўзгариш сабаблари ва ҳуқуқий асоси; ерни қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган мақсадларга ажратиш; янги ўзлаштирилган ерлар майдони ва б. Е.б. таҳлил қилиш натижасида ер ресурсларидан самарали фойдаланишнинг истиқбол режаси тузилади. 1999-йилдан Ўзбекистон Республикасида Е.б. ер ресурсларининг ҳолати тўғрисидаги миллий ҳисобот шаклида ҳар йилнинг 1-январ ҳолати бўйича хўжаликлардаги ер тузувчи муҳандис томонидан тузилади ва туман (шаҳар) ер ресурслари хизмати бошлиғи томонидан қабул қилинади. Е.б. вилоят ва ресублика миқёсида жамланган ҳолда миллий ҳисобот шаклида Вазирлар Маҳкамасида тасдиқланади (яна қ. Ер кадастри, Ердан фойдаланиш). Қосимжон Раҳмонов.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил