Ер эгалиги — муайян ҳуқуқий асослар (мулкка, ерни тасарруф этиш ва мерос қолган ердан умрбод фойдаланишга ва ижарага оид ҳуқуқлар)га му-вофиқ ерга эгалик қилиш; хўжалик оборотига ва бозор иқтисодий механизми таркибига киритиладиган ердан фойдаланиш шакли. Е. э. ер эгалари зиммасига тегишли ҳуқуқ ва мажбуриятлар юклайди. Марказий Осиёда Е. э.нинг амлок, вақф, мулк, танҳо ва б. шакллари мавжуд эди. Бухоро, Қўқон ва Хива хонликларида кўп ерлар хонликлар қўлида, хон ёки амирларнинг ихтиёрида бўлган. Бу ерлар асосан наслдан-наслга ўтиб, ижарага бериш йўли билан деҳқонлар томонидан ишланган. Е. э.нинг бу шакли ХИХ аср ўрталарида Бухоро хонлигидаги барча ер майдонларининг 65% ини ташкил қилган. Кўпинча хонлар амлок ерларини йи-рик заминдор, зодагон, руҳоний ва яқин кишиларига хизмати эвазига тортик қилиб, улар муваққат ва шартли ер эгалари — танҳоларга айлантирилган. Россия империяси Туркистонни босиб олгач, Е. э. шаклларини ўзгартирди. Амлок ерлар — бутунлигича, мулк ер ва вақф ерлар — қисман подшолик мулки деб эъло қилинди. Шу ерни ишлаб, ҳосил олган шахсларга меросий мулк тариқасида сотиш ҳуқуқи берилиб, бириктириб қўйилди. Шўролар даврида ерга хусусий мулкчиликнинг ҳамма шакллари тугатилиб, "Ер — умумхалқ давлат мулки", деб эълон этилди, асосий қисми "бепул ва абадий фойдаланиш" учун жамоа хўжаликларига берилди. Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан сўнг , 1998-йил 30 апрелда қабул қилинган Ер кодексига биноан, Ер — давлат мулки, умуммиллий бойлик ҳисобланади. Ер давлат томонидан муҳофаза этилади, олди-сотди қилинмайди, айирбошланмайди, ҳадя этилмайди, гаровга қўйилмайди (ЎзР қонунларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно, 16-модда). Ер кодекси ва б. қонун ҳужжатларига мувофиқ, юридик шахслар доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш, ижарага олиш ва мулк ҳуқуқи асосида; жисмоний шахслар эса мерос қилиб қолдириладиган ерга умрбод эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, ижарага олиш ва мулк ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга бўлишлари мумкин. Ер участкаларини эгалик қилиш ва фойдаланиш учун бериш (реализация қилиш) ер ажратиш тарикасида амалга оширилади. Ер участкаларини ажратиб бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар, Тош-кент ш., туманлар, шаҳарлар ҳокимлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда амалга оширилади. Ер участкаларини ижарага бериш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади (Ер кодекси, 17—24-моддалар).[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил