Ер кадастри, давлат ер кадастри — ягона давлат кадастрлари тизимининг асосий таркибий қисми, ер ресурсининг табиий, хўжалик, ҳуқуқий режими, тоифалари, сифат хусусиятлари ва қиммати, ер участкалари ўрни, ўлчамлари, чегараси ва майдони, уларнинг ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва мулкдорлар ўртасидаги тақсимоти тўғрисидаги маълумотлар ҳамда ҳужжатлар мажмуи.

Ер кадастри „Давлат ер кадастри тўғрисида“ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни (1998-йил 28-август) ва ушбу қонунга оид меъёрий ҳужжатлар, йўриқнома ва услубий кўрсатмалар асосида ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг кафолатларини таъминлаш, ерлардан оқилона фойдаланиш, уларни қайта тиклаш ва муҳофаза қилиш учун кадастр маълумотларидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини белгилашга қаратилган давлат тадбирлар тизими ҳисобланади. ер кадастри га доир ахборотларни бир тизимга солиниши уларни сақлаш, таҳлил қилиш ва янгилаб туриш ишларини ҳам ўз ичига олади. ер кадастрини юритиш қуйидаги тамойилларга асосланилади: мамлакат ер фондинн тўла қамраб олиш, фазовий координаталарнинг ягона тизимини қўллаш, ахборотлар ишлаб чиқиш методининг бирлиги ва ер кадастрига оид ахборотларнинг тўғри бўлиши. ер кадастрини юритиш жараёни қуйидагиларни ўз ичига олади: аэрокосмик суратга олиш, топография — геодезия, ҳаритаграфия, тупроқшунослик, агрокимё, геоботаника, гидрогеология га оид ва бошқа изланишлар ва тадқиқотларни ўтказиш, ерларни миқдор ва сифат жиҳатдан ҳисобга олиш ва баҳолаш, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатига олиш; ерларни тақсимлаш, улардан фойдаланишни назорат қилувчи давлат хизмат органларини фаолиятини мувофиқлаштириш; ерларнинг ҳолати, мавжудлиги ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларни тузиш; жорий (мавсумий) тадқиқотлар, суратга олиш, ер ўлчаш ишларини ҳамда ер мониторинги маълумотларидан фойдаланган ҳолда ер кадастрига оид ахборотлар банкини яратиш ва уни тартибга солиб туриш.

Ер кадастри туманда (шаҳарда) қуйидагича амалга оширилади: ер участкаларига бўлган ҳуқуқни ва ер участкаларига доир битимларни давлат рўйхатига олиш; ер кадастри мақсадлари учун суратга олиш; ер участкалари эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва ер участкалари мулкдорларидан маълумотлар олиш, уларни тўғрилигини текшириш, ер кадастрига оид ҳужжатларга жорий ўзгартиришлар киритиш. Е. к.ни юритиш жараёнида ҳар йилнинг 1 январига ер ресурсларининг ҳолати тўғрисидаги миллий ҳисобот тузилади (яна қаранг: Ер баланси).

Ривожланган давлатларда ҳам ер кадастри юритилади. Унинг маълумотларидан ер эгаларига солиқ солиш, ердан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган тижорат ишларини тартибга солиш, ер бўйича битишув ва низоларни ҳал этиш, ерни гаровга қўйиш ва б.да фойдаланилади. Ўзбекистон Республикасида ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиш ва ерларни миқдорий ва сифатини ҳисобга олиш Ер ресурслари давлат қўмитаси томонидан қабул қилинган низомлар ва меъёрий ҳужжатлар асосида амалга оширилади.

Ер кадастрини юритиш ЎзР Ер ресурслари давлат қўмитасининг ер ресурслари бўйича туман хизматлари томонидан, шаҳар ва шаҳарчаларда эса ЎзР Вазирлар Маҳкамаси хузуридаги Геодезия, ҳаритаграфия ва давлат кадастри бош бошқармасининг кўчмас мулк давлат кадастри туман ва шаҳар хизматлари томонидан амалга оширилади[1].

Ер кадастри уч бўлимга бўлинади. Улар ер участкаларни рўйхатга олиш, ерни иқтисодий баҳолаш ҳамда тупроқ бонитровкасидир. Ушбу ишлар туркуми шаҳар (шаҳарча) ёки туман ҳокимияти қошидаги Ер ресурслари ва давлат кадастри хизмати томонидан амалга оширилади.

Ер участкаларини рўйхатга олиш — туман ёки шаҳар ҳудудида жойлашган ер участкаларини Ер ресурслари ва давлат кадастри давлат хизмат мутахассислари томонидан Ер Кадастри китобига қайд этиш жараёнидир. Қайд этишда ер участкаси тўғрисида жамики маълумотлар, масалан, ер участкаси мулкдорининг расмий маълумотлари, участка жойлашган манзил, қўшни участкаларнинг юридик номлари, ер турлари, тупроқ балл бонитети ва ҳоказо маълумотлар Ер Кадастри китобида ўз аксини топади.

Ерни иқтисодий баҳолаш — ер участкасининг тупроқ унумдорлиги, сув манбалари, йўл тизими, техника қурилмалари ва ишчи кучларлари билан таъминланганлик даражаси, аҳоли пунктидан жойлашиш масофаси ва шу каби участкасидан фойдаланишга бевосита таъсир кўрсатадиган омилларни қамраб оладиган мураккаб жараён ҳисобланади.

Тупроқ бонитировкаси — ер участкасида тарқалган унумли тупроқ қатламининг физиологик ҳамда химиявий таркибини, тупроқ тури ва ҳолати, иқлим шароити ва ер ости сувларини жойлашиши каби бир қатор омилларни ўзида жамлайдиган жараёндир.

Манбалар

  1. ↑ Раҳмонов, Қосимжон; ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.