Yer tuzish
Ер тузиш, ер тузиш тартиби — мамлакатда ерга бўлган муносабатларни тартибга солиш ва мукаммаллаштириш, ерни и.ч. воситаси сифатида муҳофаза қилиш ва ундан самарали фойдаланишга қаратилган давлат тадбирлари тизими[1]. Ердан тўлиқ илмий асосланган тарзда оқилона ва самарали фойдаланишни ташкил этиш, деҳқончилик маданиятини ошириш ва ерларни муҳофаза қилиш мақсадларини кўзлайди. Ер тузиш лойиҳа қидирув, жой тафсилотини (съёмка) ва дала тадқиқоти ишларини ўз ичига олади, уни ер тузувчи ташкилотлар амалга оширади. Ер тузиш. ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишни ташкил қилишга, ер ресурсларини ҳисобга олиш ва баҳолашга, қулай экологик муҳитни вужудга келтиришга ва табиий ландшафт ларни яхшилашга, ер тузишнинг ҳудудий ва ички хўжалик ер тузиш. режаларини тузишга қаратилган тадбирлар тизимини ўз ичига олади.
Ер тузишнинг иқтисодий (ерни асосий и.ч. воситаси сифатида ташкил этиш), ҳуқуқий (ердан фойдаланиш соҳасида давлат органлари қарорларини амалга оширишга қаратилган давлат тадбирлари тизими мажмуи); техникавий (лойиҳа қидирув, жой тафсилотини тасвирлаш ва дала тадқиқоти каби техник ишларни амалга ошириш) масалалари мавжуд. Ер тузиш истиқболга мўлжалланган, лойиҳалаш олдидан, хўжаликлараро ҳамда ички хўжалик турларига бўлинади. Истиқболга мўлжалланган ва лойиҳалаш олдидан амалга ошириладиган ер тузишда республика ва минтақаларнинг ер-сув ресурсларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш чизмалари; туманлар ва вилоятлар ер тизими чизмалари тайёрланади, тупроқ унумдорлигини ошириш, ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш билан боғлиқ истиқбол режалари ишлаб чиқилади. Хўжаликлараро ер тузишда жойнинг ўзида маъмурий бирликлар (қишлоқ, туман, шаҳар, вилоят) чегаралари белгиланади, ерларнинг жойлашишидаги ноқулайликларни бартараф этган ҳолда ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва мулкдорларнинг янги ер участкаларини ташкил қилиш ва мавжуд ер участкаларини тартибга солиш лойиҳалари тузилади, ер муносабатларига доир турли ҳужжатлар, иш лойиҳалари тузилади, ерларни баҳолаш тадбирлари ва б. ўтказилади.
Ички хўжалик ер тузиш. турли қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг ҳудудини ички хўжалик негизида белгилаб олиб, илмий асосланган алмашлаб экишни жорий қилиш, барча қишлоқ хўжалиги ерларини (пичанзорлар, яйловлар, боғлар, токзорлар ва б.) жойлаштириш, тупроқ эрозиясига қарши кураш тадбирларини ишлаб чиқиш, шунингдек, суғориладиган ерларни тўла реконструксиялашдан иборат.
Ер тузиш таркибида топография-геодезия, ҳаритаграфия, тупроқ, агрокимё, геоботаника жиҳатидан, тарихий-маданий ва б. йўналишларда ҳам текширишлар олиб борилади. ер тузиш жараёнида фойдаланишни қулайлаштириш учун чегаралари турғун бўлган оптимал ўлчамдаги ихчам майдонлар ташкил этилади. Айни пайтда қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ички ер тузиш. ишлари суғориш шахобчалари ва зовурлар тармоғини қайта қуриш асосида такомиллаштирилади: алмашлаб экиш жорий қилинади, ҳамма экин майдонлари батафсил белгилаб қўйилади.
Ер тузиш ишларини бажаришда туманлар ва хўжаликларнинг табиий, иқтисодий ва мелиоратив шароитлари: и.ч. ҳажми, хўжаликлар ва уларнинг бўлинмаларидаги ихтисослашув, тармоқлар нисбати ва уларнинг ривожланиш кўрсат-кичлари, ишчи кучи ва и.ч. воситалари билан таъминланганлик, аҳолининг жойлашув тизими, сув ресурслари, суғориш тармоқларининг ҳолати ва б. ҳисобга олинади.
Ер тузиш бўйича белгиланган ҳамма тадбирлар қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги ва турар жой қурилишига зарур капитал сарфлар ҳисоб-китоблари билан асослаб берилади.
Адабиёт
- Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, Т., 1998; Ер тузиш асослари, Т., 1998.
Манбалар
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |