2 - Ер мантияси, 3 - Ер ядроси

Ер ядроси — Ернинг марказий энг чуқур геосфераси. Е. я.нинг юқори чегараси 2900 км чуқурлиқда, радиуси қарийб 3500 км. Ернинг марказида температура 5000°, зичлик қарийб 12,5 минг т/м3, босим 361 ГПа гача. Е. я.нинг юқори чегарасида бўйлама тўлқинларнинг тарқалиш тезлиги кескин сакраб 13,7 дан 8,1 км/сек гача камаяди ва аксинча Ернинг маркази атрофида 11,2 км/сек гача кўпайиб боради. Е. я.нинг тузилиши, физик хоссалари тўғрисидаги маълумотлар геофизика тадқиқот методларидан фойдаланиб олинган. Е. я. ташки ва ички ядро (субъядро)дан иборат. Субъядронинг радиуси 1300 км чамасида. Ташқи ядрода кўндаланг сейсмик тўлқинлар тарқалмайди. Шунинг учун ҳам ташқи ядро суюқ бўлса керак деб тахмин қилинади. Ташқи ядродан ичкисига ўтишда бўйлама тўлқинлар кўндаланг тўлқинларни қўзғатиб юборади. Шу боис ички ядро қаттиқ бўлса керак деб фараз қилинади. Е. я.нинг таркиби тўғрисида ягона фикр йўқ. Баъзи олимлар Е. я. темир ва никелдан иборат дейишса, бошқалари металлашган силикатлардан, учинчи гуруҳ олимлар эса темир оксидларидан ташкил топган деб ҳисоблайдилар. Геофизик маълумотлар ва энг кучли босим шароитида бажарилган тажрибалардан олинган маълумотлар асосида Е. я. эҳтимол никел ва олтингугурт аралашмали темирдан ташкил топган деб фараз қилинади. Ер магнит майдонининг пайдо бўлишини ташқи ядродаги механик-электромагнит жараёнлари билан боғлайдилар.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил