Yevropa Kengashi


Европа Кенгаши (ЕК) — Европа давлатларининг ҳар томонлама ҳамкорлик қилишига кўмаклашувчи халқаро ташкилот. 1949-йил таъсис этилган. ЕК нинг мақсади: аъзо мамлакатлар ўртасида якин алокаларни таъминлаш; Европанинг демократик ва хавфсиз маконга айланишига, плюралистик демократияни ва инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлашга, европача ўзини ўзи англаш ва маданий бир хилликни ривожлантиришга ёрдам бериш. Европадаги 40 дан ортиқ давлат аъзо ҳисобланади. Европа Кенгашига аъзо бўлиб киришни истаган давлат муайян талабларга жавоб бериши керак: унинг давлат муассасалари ва ҳуқуқий тузилиши демократиянинг асосий принсипларига, инсон ҳуқуқларига риоя этилишига мувофиқ бўлиши лозим, халқ вакиллари эса эркин, тенг ва умумий сайловлар йўли билан сайланиши керак. Европа Кенгашига қабул қилишда, жумладан, фикрни ифодалаш эркинлиги бўлиши, миллий озчиликлар ҳимояланиши, халқаро ҳуқуқ меъёрларига риоя этилиши мезон ҳисобланади. Европа Кенгаши аъзоси инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенсиясининг қатнашчиси бўлиши шарт. Европа Кенгашининг куйидаги органлари бор:
- Вазирлар кўмитаси.
- Парламент ассамблеяси.
- Тармоқ вазирлари кенгаши.
- Котибият.
Вазирлар қўмитаси Европа Кенгашининг олий органидир. У аъзо мамлакатлар ташки ишлар вазирларидан ташкил топади ва Европа Кенгашининг иш дастури юзасидан қарорлар қабул қилади, турли ҳукуматлараро ихтисослашган қўмиталар, тармоқ вазирлар кенгашлари таклифлари бўйича қарорлар чиқаради, Европа Кенгаши бюджетини қабул қилади ва инсон ҳуқуқлари бўйича Европа комиссияси аъзоларини тайинлайди. Одатда, йилига 2 марта вазирлар даражасида йиғилиш ўтказади. Парламент ассамблеяси миллий парламентлар депутатларидан ташкил топган депутатлар ва уларнинг ўринбосарларидан иборат. Ассамблея кун тартибида турган масалаларни муҳокама қилади, тавсиялар ишлаб чиқади, конференсия, коллоквиум ва очиқ парламент мажлисларини ташкил қилади. Бош котибни ва унинг ўринбосарини, инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди судяларини сайлайди. Котибиятни 5 йил муддатга сайланадиган Бош котиб бошқаради. Европа Кенгаши органлари Страсбур шаҳрида (Франсия) жойлашган[1].
Яна қаранг
Манбалар
| Ташкилот ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |