Йигириш — толали ўсимлик (жут, зиғир, каноп, пахта), жун ва ипак толаларидан, кимёвий толалардан ҳар хил йўғонликка ҳамда турли физикавий хоссаларга эга бўлган иплар тайёрлаш жараёни. Й. қўлда ва машиналарда амалга оширилади. Қўлда Й. сўнгги неолит давридан маълум. Кейинчалик жаҳондаги деярли барча халқлар орасида (Чекка Шим. ўлкалари халқларидан ташқари) кенг тарқалди. Пахта толасидан ип Й. дастлаб Ҳиндистонда маълум бўлган. Ўрта Осиёда пахта экиб, ип Й. ва газлама тўқиш милод бошидаёқ расм бўлган эди. Қўлда Й.нинг энг оддий усули бармоқлар ёрдамида толалардан пилик тайёрлаб ва уни осилган ҳолатда ушлаб кафтлар орасида аста-секин ингичкалаштиришдан иборат бўлган. Кейинчалик дугли урчуқ пайдо бўлди ва ип тайёрлаш анча осонлашди. Ўзбекистонда қад. урчу қанча такомиллаштирилиб, ғилдиракли чарх ясалди. Бундай чархнинг ғилдираги қўлда айлантириларди, шунда унинг урчуғи чилвир орқали уёқдан-буёққа буриларди. Борабора чарх такомиллаштирила борилди. Урчуқ ёки чархда ип Й. учун толалар олдин ёғоч тароқларда тараб текислаб олинар эди. Й. учун тайёрлаб олинган толалардан пиликлар тайёрланиб, улардан ингичка-йўғонлиги деярли бир хил иплар эшиларди. Қўлда Й. усули айрим жойларда ҳозир ҳам қўлланади.

Машинада Й. ХВИИИ асрдан бошлаб ривожлана бошлади. Узлуксиз ишлайдиган биринчи урчуқли Й. машинасига Буюк Британияда 1738 й. патент берилган. Унда чўзиш асбоби ҳам бўлган. Бундай машинада толаларни чўзиш, бураш (эшиш) ва ўраш (ғалтакка ўраш) жараёнлари бажарилган. Й. машинаси аста-секин такомиллаштира борилди. 1823 йилда даврий ишлайдиган автомат Й. машинаси, 1870 йилда эса узлуксиз ишлайдиган ҳалқасимон Й. машинаси ихтиро қилинди. Шундан сўнг Й. машиналарининг янги-янги моделлари яратилди. Англия, Франсия, Германия, АҚСҲ, Россияда Й. ф-калари қурилди. Ҳозир Й. жараёни, асосан, автомат машиналарда амалга оширилади.

Ўзбекистонда Й. корхонасини ҳам ўз ичига олган дастлабки тўқимачилик фабрикаси 1926 йилда Фарғонада қурилди. Кейинчалик Тошкент тўқимачилик комбинати барпо қилинди (1932—40). Унинг таркибида Й. фабрикаси ҳам бор. Ҳозир бу корхона жуда йириклашиб кетган. Тошкент тўқимачилик машиналари заводи 1946 й. дастлабки пилик таерлаш ва Й. машиналарини ишлаб чиқара бошлади. "Ўзбектўқимачиликмаш" бирлашмасида (1971 дан) пилик тайёрлаш, Й., ҳалқали Й., Й.-пишитиш ускуналари ишлаб чиқарилади. Ўзбекистон машинасозлигида Й., эшиш-пишитиш, калавалаш жараёнларини биргаликда бажарадиган ҳалқали Й. (жун толалари учун) ва Й.-пишитиш (пахта толалари учун) машиналари яратилди. Булардан 5 хил русумли машиналар чет элларга экспорт қилинади. Жумладан, ПК-100 русумли Й.-пишитиш машинаси Брно (Словакия, 1965), Пловдив (Полша, 1966) Халқаро ярмаркаларида олтин медал олган (қаранг Йигириш машинаси).

Машинада Й. жараёни толаларни Й.га тайёрлаш, Й.нинг ўзи, ипни пардозлаш ва ўраш босқичларини ўз ичига олади. Ипни тайёрлашда толалар тозаланади, пишитилади, узунлиги ва йўғон-ингичкалиги бўйича хилланади, таралади, бир оз пишитилиб пилик ҳосил қилинади. Бу ишлар бирин-кетин саваш, титиш, тараш, чўзиш ва пилик машиналарида бажарилади. Ипни пардозлашда унинг сирти тозаланади, ипак ва жун толаларидан йигирилган ипнинг туклари куйдирилади, ип назорат тирқишидан ўтказилади. Тайёр ип ғалтаклар, қогоз патронлар ва бобиналарга ўралади.

Машинада йигириладиган толаларнинг хоссалари ва олинадиган ипнинг нимага ишлатилишига қараб, Й.нинг 3 тизими, яъни оддий (карда), қайта тараш ва аппарат тизимлари қўлланади. Ўртача йўғонликдаги узун толалар оддий тизимда, ингичка узун толалар қайта тараш тизимида, калта толалар аппарат тизимида йигирилади. Бу тизимлар бир-биридан толаларни тараш усули билан фарқ қилади. Булардан ташқари, штапел тизими ҳам бор. У элементар кимёвий толалар дастасидан калава ип олишда қўлланади. Бу тизимда толаларни титиш, саваш ва тараш жараёнлари бўлмайди. Айтиб ўтилган тизимларда қўлланадиган Й. машиналарининг ҳаммасида урчуқ бор. Амалда урчуқсиз Й. машиналари ҳам қўлланади. Уларда толаларни бураш ва ипни ўраш жараёнларини мустақил иш қисмлари бажаради. Й. пайтида толаларга таъсир қиладиган кучларни қисобга олиб урчуқсиз Й.нинг ушбу усулларини санаб ўтиш мумкин: пневмомеханик, уюрмавий ва электр механик усуллар. Урчуқсиз Й. машиналарининг иш унумдорлиги урчукли машиналарникидан 2—3 марта юқори бўлади.

Текстурланган (қайишоқлиги юқори) таркибий ип ҳар хил киришимли кимёвий толалардан карда ёки тарокли (кайта тараш) тизимда йигириб олинади. Меланж (олачипор) ип ҳар хил рангга бўялган толалар аралашмасидан йигириб олинади. Пишитилган калава ип Й.-пишитиш машиналарида ёки пишитиш машиналарида тайёрланади. Й.нинг юкррида айтиб ўтилган барча усуллари ҳозир қам (жойига қараб) қўлланади.

Адабиёт

  • Марасулов Ш. Р., Будпиков В. И., Толали материалларнинг механик технологияси, Т., 1971; Букаев М. Т., Ипгазлама ишлаб чиқаришнинг умумий технологияси, Т., 1984.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил