Yobuxona
Ёбухона — Бухоро вилояти, Бухоро тумани Работиқалмоқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги аҳоли пукти номи[1]. Топоним икки қисмдан иборат: ёбу+хона, Ёбу (жобу) — ўзбек уруғи. Ёбу қозоқлар таркибида ҳам бўлган, тарқоқ ҳолда Зарафшоннинг ўрта ва қуйи оқими (Паяриқ, Пастдарғом, Каттақўрғон, Нарпай, Ғиждувон)да, Қарши чўлида истиқомат қилган. Чорвачилик ҳамда деҳқончилик билан Ёбу авлодлари ўзбек халқи таркибига сингиб кетган. Бу қишлоқда ёбу уруғига мансуб кишилар истиқомат қилгани учун ҳам шундай номланган. Ёбу туркий этноним бўлиб, ўзбек қабилаларининг бирининг номи. Манбаларда ёбу, ёву, ёви, жобили, жобу шаклларида учрайди. Бухоро хони Убайдуллахон қалабига мансуб қуйидаги туюқ ёбуларнинг Сўғддаги мавқейи ҳақидадир: Сўғд ичида ултурарлар ёбулар Ёбуларнинг минган оти ёбилар. Ёбуларнинг илкидин эл тинмади, Ёбулар турсин бу элда, ё булар. Туркийларнинг олий ҳукмдорлик унвонларидан бири ёбғу (ябғу) деб номланган. Ўрхун-Енисей ёдгорликларида ҳам „янғу“ терминини учратиш мумкин. Қадимий туркларда бу унвон қабила бошлиғи ёки қабилалар иттифоқи бошлиғига берилган. Марказий Осиёнинг қадимий халқларидан бири бўлган қарлуқ хонлари ҳам ябғу деб номланган. Ёбулар ўзбеклар орасида кичик гуруҳни (1926-йил маълумотларига кўра 4 мингга яқин киши)ни ташкил этган. Ёбулар билан боғлиқ қишлоқ номлари Бухоро, Самарқанд ва бошқа вилоятларда кўп учрайди. Пахтачи туманидаги Эшматжоби, Бухоро туманидаги Ёбухона, Конимех туманидаги Ёбиариқ каби қишлоқлар шулар жумласидандир. Ёбухона Бухоро туманининг Работиқалмоқ маҳалла фуқаролар йиғинига тегишли аҳоли пункти ҳисобланади[2].