Ёнувчи аралашма - двигателларда ёнилғи билан ҳаво (оксиген)нинг маълум нисбатдаги аралашмаси. Ё. а. карбюраторли ички ёнув двигатели (ИЙОД) да силиндрдан ташқарида (карбюраторда) бензин буғлари билан ҳаво (оксиген)дан, газ билан ишлайдиган ИЙОД да газ билан ҳаводан, дизел двигателларида силиндрга киритилган қисилишидан қизиган ҳаво билан унга пуркалган дизел ёнилғисидан ҳосил бўлади. Ё. а. таркибидаги 1 кг ёнилғига тўғри келадиган ҳаво (оксиген) миқдорига қараб, меъёрдаги (1:15), суюқ (1:18), суюқлашган (1:16,5), қуюклашган (1:13) ва қуюқ(1:12) хилларга бўлинади. Бу миқдор ИЙОДга тушадиган юк (нагрузка)га қараб танланади. Мас, двигателни ишга туширишда қуюқ, ортиқча юк билан ишлашда (тепаликка кўтарилишда) қуюклашган, текис йўлда бир маромда ҳаракатланишда меъёрдаги (нормал), пастликка тушишда суюқлашган ва салт ишлашда суюқ Ё. а. ҳосил қилинади. Автотрактор двигателларида совуқ двигателни ишга туширишда сўриладиган ҳаво йўлини тўсиб (заслонка ёрдамида), бошқа ҳолларда эса акселератор тепкиси (педали)ни босиб бўшатиб Ё. а. миқдори ростланади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил