Ёр-ёр — никоҳ тўйи маросимлари жараёнида айтиладиган халқ қўшиғи. Қадим замонлардан ўзбек, тожик, уйғур ва туркман халқлари орасида кенг тарқалган. Иккилик ёки тўртлик шаклидаги термалардан иборат бўлиб, ҳар банднинг охири, баъзан ўртасида "Ёр-ёр, айланаман" каби сўзлар қўшиб айтилади. Одатда, доира жўрлигида, келинни кузатаётган аёллар томонидан, Фарғона водийси (Фарғона, Ўш, Хўжанд) ва Зарафшон воҳасида келин томонга кетаётган йигитлар томонидан ҳам ижро этилади. Ёр-ёрда келиннинг хусусиятлари, унинг ҳаёти, орзу-истаклари, яхши тилак ва қутловлари куйланади. Ёр-ёрларнинг фавқулодда таъсирчанлиги уларда бир вақтнинг ўзида ҳам мунгли йиғи (оҳангида), ҳам байрамона шодиёналик (усулда) кайфиятлари мужассам этилганлигидадир. Халқ ёр-ёрлари таъсирида ёзма адабиётда ҳам ёр-ёрлар яратилган. Алишер Навоийнинг "Мезон ул-авзон", Бобурнинг "Муфассал" асарларидаги ёр-ёр матнлари теранлиги ва жозибадорлиги билан ажралиб туради. Ўзбекистон вилоятлари (Бухоро, Фарғона, Наманган, Сурхондарё, Хоразм ва бошқалар) нинг ёрёрлари ўзига хос хусусиятларга эга. Куйлари мунгли, жозибали, ўйноқи, мазмуни лирик, ҳажв, мадҳия ҳам бўлиши мумкин. Ёр-ёрлар турли фолклоретнографик ансамбллар репертуаридан, ўзбек бастакор ва композиторлари ижодидан ҳам салмоқли ўрин олган.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил