МЮнус Ражабий 1897-йил 17-январ, Тошкент 1976-йил 23-апрел - бастакор, хонанда ва созанда (най, дутор), ўзбек мусиқа меросини тўпловчиси. Ўзбекистон СССР халқ артисти (1953), Ўзбекистон Фанлар академияси академик 1966. "Буюк хизматлари учун" ордени соҳиби[1].

Мадрасада, кейинчалик Туркистон халқ консерваториясида 1919–23-йиллар, Тошкент Олий мусиқа мактабининг тайёрлов курси 1934-йил ҳамда Москвада ташкил этилган бастакорлар курсида 1940–41-йиллар таълим олган. Дутор чалишни Мирза Қосимдан, кейинчалик ўзбек мумтоз мусиқа меросини Шораҳим Шоумаров, Ҳожи Абдулазиз, Тўйчи ҳофиз, Домла Ҳалимлардан ўрганган. Самарқанд педагогика билим юртида мусиқа ўқитувчиси (1923–25-йиллар). Самарқанд театрининг мусиқа раҳбари 1925–27-йиллар Ўзбекистон радиокомитети қошидаги халқ чолғу асбоблари ансамбли кейинчалик халқ чолғулари оркестри ташкилотчиси ва бадиий раҳбари (1927–42, 1945–59-йиллар), Янгийўл театри мусиқа раҳбари 1942–45-йиллар , Ўзбекистон телерадиосининг „Мақом“ ансамбли ташкилотчиси ва бадиий раҳбари (1959–76-йиллар). Ёшлигиданоқ ширали ва таъсирчан овозга эга бўлган истеъдодли хонанда ва моҳир созанда сифатида танилган. Унинг репертуаридан мақом парчалари, „Гиря“, „Ушшоқ“, „Кўча боги“, „Эшвой“, „Курд“, „Қаландарий“, „Гулёр—Шаҳноз“, „Бает“, „Дугоҳи Ҳусайний“, „Чоргоҳ“, „Мискин“, „Насруллойи“ каби ашула ва куй туркумлари ўрин олган. У бир қанча қадимий ўзбек халқ куй ва ашулаларини қайта ишлаб тиклаган: „Субҳидам“, „Ёлғиз“ „Сайқал“, „Фиғон“, „Ораз“, „Беги Султан“ ва бошқа Ижрочилик фаолиятини бастакорлик билан биргаликда олиб борган Ю. Р. ўзбек мусиқали драмасининг шаклланишига муҳим ҳисса қўшган. Дастлаб „Фарҳод ва Ширин“ (Хуршид, 1922–25-йиллар, Ш. Шоумаров билан ҳамкорликда), „Лайли ва Мажнун“ (Хуршид, 1926), „Рустам“ (У. Исмоилов, 1933), „Аваз“ (А. Ҳидоятов, 1935-йил), „Холисхон“ (Ҳамза, 1940-йил) каби спектаклларга халқ ашулалари асосида куйлар басталаган. Кейинчалик Б. Надеждин билан ҳамкорлиқса „Қасос“ (А. Умарий, Уйғун, 1941-йил), Н. Миронов билан „Қўчқор Турдиев“ (С. Абдулла, Чустий, 1942-йил), Георгий Мушел билан „Муқанна“ (Ҳ. Олимжон, 1943-йил), О. Ҳалимов билан „Нодира“ (С. Косимов, Я. Маматхонов, 1942-43-йиллар), Б. Зейдман билан „Ўғил уйлантириш“ (Ҳ. Фйлом, 1964-йил), Сайфи Жалил билан „Навоий Астрободда“ (И. Махсумов, 1968-йил) сингари мусиқали драмаларни яратган. У „Зайнаб ва Омон“ операси (1958-йил; Б. Зейдман, Д. Зокиров ва Т. Содикрвлар билан) нинг ёзилишида иштирок этган.

Юнус Ражабий, шунингдек, „Фабрика ялласи“, „Бизнинг даврон“, „Мирзачўлда туй“, „Ўзбекистон“, „Янграсин Гулёр“, „Дугоналарга“, „Кадаҳ“, „Кошки“, „Гул сочар“, „Жудо“, „Раъноланмасун“, „Чапандоз“, „Куйгай“ каби қўшиқ ва ашулалар, „Ўйин Баёти“, „Ўйин Дугоҳи“, „Пахта“ сингари раке куйлари яратган.

Юнус Ражабийнинг, айниқса, ўзбек мусиқа меросини тўплашдаги хизматлари катта. У 1935-йилдан халқ, куй ва ашулаларини нотага ёза бошлаган. Натижада Е. Романовская ва Ил. Акбаров тузган „Ўзбек халқ қўшиқлари“ (1939) тўпламидан Юнус Ражабий нотага олган 29 та халқ мусиқа намунаси урин олган. 1955–59-йилларда Юнус Ражабий 5 жилдли „Ўзбек халқ мусиқаси“ (И. А. Акбаров тахририда) тупламини нашр эттирди. Унга мингга яқин турли жанрдаги ўзбек (бир канча тожик, уйғур) куй ва ашулалари, Бухоро Шашмақоми, Фарғона-Тошкент мақом йўллари, катта ашулалар, ХХ аср бастакорлари (Ҳамза, К. Жабборов, Н. Ҳасанов, С. Калонов, Ф. Содиқов, Т. Жалилов, М. Мирзаев ва бошқалар)нинг асарлари киритилган. „Мақом“ ансамбли билан ишлаши жараёнида Юнус Ражабий Шашмақомнинг 6 жилдли янги нашрини (1966–74, Ф. Кароматов тахририда) ҳамда граммпластинка ёзувлар мукаммал тўпламини (Тошкент граммёзувлар студиясида, 1970-йиллар) тайёрлади.

Т. Содиков, Д. Зокиров, Д. Соатқулов, Ф. Содикрв, Н. Ҳасанов, К. Жабборов, С. Калонов, К. Мўминов, О. Имомхўжаев, Б. Довидова, К. Исмоилова, О. Алимаҳсумов, Т. Алиматов ва бошқа санъаткорлар Юнус Ражабийнинг шогирдларидир. Юнус Ражабий Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1971), „Буюк хизматлари учун“ ордени (2000) билан мукофотланган. Ўзбекистон телерадиокомпанияси қошидаги „Мақом“ ансамбли, Жиззах мусиқали драма ва комедия театри, Тошкент мусиқа педагогика билим юрти, Тошкентдаги кўчалардан бири, метро бекати Юнус Ражабий номи билан юритилади. Унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган „Юнус Ражабий“ („Ўзкинохроника“ студияси, 1967; „Ўзбектелефилм“ студияси, 1990), „Умр дафтари“ (Ўзбекистон телевидениеси, 2001) филмлари суратга олинган. Юнус Ражабий 1957–76 йиллар яшаб ижод этган уй (Тошкент, Юнус Ражабий кўчаси, 20)да 1997-йилда Ражабий уймузейи очилган. 2001-йил Юнус Ражабий маданият маркази ташкил этилган.[2]

Адабиёт

  • Аҳмедов М., Юнус Ражабий, 2нашри, Т., 1980
  • Акбаров И. Юнус Ражабий, М., 1982
  • Ражабийхонлик, Т., 1993
  • Ражабийхонлик, Т., 1994
  • Ғофурбеков Т., ХХ аср ўзбек мусиқаси ва Юнус Ражабий. Мусиқа ижодиёти масалалари, Т., 1997.

Манбалар

Ҳаволалар