Yunus Yoqubov
Юнус Нўмонович Ёқубов (1935—2003) — гелиофизика соҳасида фаолият кўрсатган олим, техника фанлари доктори, фахрий профессор.
| Юнус Нўмонович Ёқубов | |
|---|---|
| Таваллуди |
1935-йил 8-июл Бухоро шаҳри |
| Вафоти |
2003-йил |
| Фуқаролиги | Ўзбекистон ССР, Ўзбекистон Республикаси |
| Касби | гелиофизик олим |
| Соҳаси | гелиофизика, гелиотехника |
| Иш жойлари | Бухоро шаҳридаги Макаренко номли ўрта мактаб, Бухоро давлат педагогика институти (ҳозирги Бухоро давлат университети) |
| Таълими | Бухоро давлат педагогика институтининг Физика-математика факултети (1959) |
| Илмий даражаси | техника фанлари доктори |
| Илмий унвони | фахрий профессор |
| Тезис сарлавҳаси | „Иссиқхоналарда қуёш энергиясидан самарали фойдаланиш ва аккумуляциялаш“ (докторлик диссертацияси, 1987) |
| Машҳур шогирдлари | А.И.Имомқулов, С.А.Саидов |
Та'лими ва иш фаолияти
Юнус Ёқубов 1935-йил 8-июлда Бухоро шаҳрида ишчи-хизматчи оиласида туғилган. 1951-йилда етти йиллик мактабни битириб, 1951—1954-йилларда кечки ишчи-ёшлар мактабида ўқишни давом эттирди ва шу даврда Бухоро шаҳридаги 18-сон автобазада моторчи бўлиб ишлади. 1959-йилда Бухоро давлат педагогика институти (ҳозирги Бухоро давлат университети)нинг Физика-математика факултетини имтиёзли диплом билан битириб, 1963-йил август ойигача Бухоро шаҳридаги Макаренко номли ўрта мактабда физика ўқитувчиси ва илмий бўлим мудири вазифаларида фаолият юритди. 1963-йил сентябр ойидан бошлаб Бухоро давлат педагогика институтининг умумий физика кафедрасида танлов асосида ассистент-ўқитувчи вазифасига ишга қабул қилинди[1].
Илмий-педагогик фаолияти
Юнус Ёқубов 1965—1966-ўқув йилида академик В.А.Баум раҳбарлигида Ашхобод шаҳрида бир йиллик илмий стажировкани ўтаб, 1966—1972-йилларда Қуёш энергиясини аккумуляциялаш соҳасида профессор Қ.Б.Бойбўтаев ва Ғ.Й.Умаровлар раҳбарлигида илмий тадқиқотлар олиб борди ва 1972-йил декабрда Тошкентдаги Физика-техника институти ҳузуридаги махсус илмий кенгашда иссиқлик физикаси мутахассислиги бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.
Қуёшнинг нурланиш энергиясидан самарали фойдаланиш ва аккумуляциялаш йўналишида илмий тадқиқотлар олиб борди[2] ва 1987-йилнинг ноябр ойида Г.М.Кржижановский номли Москва Энергетика илмий тадқиқот институтида саноат иссиқлик энергетикаси мутахассислиги бўйича махсус илмий кенгашда „Иссиқхоналарда қуёш энергиясидан самарали фойдаланиш ва аккумуляциялаш“ мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди[3].
Қуёш нури та’сирида сорбсион сикллар самарадорлигини ошириш, иссиқхоналарда нурланиш энергияси самарадорлигини ошириш йўналишида илмий тадқиқотлар олиб бориш натижасида тўрт фан номзоди ва фан докторларини тайёрлади, жумладан, А.И.Имомқулов, С.А.Саидовларнинг диссертацияларига раҳбарлик қилди. Юнус Ёқубов Туркманистон Фанлар академияси қошидаги докторлик диссертациялар иши ҳимояси бўйича махсус илмий кенгаш а’зоси, университетнинг фахрий профессори вазифасида ишлади.
Юнус Ёқубов кафедра мудири, факултет декани вазифаларида ҳамда касаба уюшмаси қўмитасида мас’ул вазифаларда фаолият кўрсатди. Илмий-педагогик ишлари кўп қиррали бўлиб, 120 дан ортиқ илмий мақолалари, 2 та монография ва ўқув қўлланмалари ўзбек, рус ва чет тилларида чоп этилган.
Манбалар
- ↑ Раҳматов И. Бухоролик гелиофизик олимлар, 2009 — 12-бет.
- ↑ Якубов Ю.Н. Аккумулирование энергии солнечного излучения / Отв. ред. Г.Я. Умаров. Ташкент: Фан, 1981 — 104-бет.
- ↑ Якубов Ю.Н. Эффективное использование и аккумулирование солнечной энергии в теплицах: диссертация ... доктора технических наук, Москва, 1987 — 401-бет.