Yuriy Vinogradov
Юрий Борисович Виноградов (1932-йил 7-декабр, Самарқанд – 2012-йил 30-сентябр, Санкт-Петербург) – совет ва рус гидрологи, география фанлари доктори, профессор, гидрологик жараёнларни математик моделлаштириш, ҳалокатли тошқинлар ва сел оқимлари бўйича монографиялар муаллифи, СССР Фанлар академиясининг сел комиссияси ва СССР Вазирлар Советининг Фан ва техника бўйича Давлат қўмитасининг охирги раиси.
| Юрий Виноградов | |
|---|---|
| Таваллуди |
Самарқанд, СССР |
| Вафоти | Санкт-Петербург, Россия |
| Фуқаролиги |
|
| Илмий даражаси | геогарфия фанлари доктори |
| Илмий унвони | профессор |
Ҳаёти
Виноградов 1932-йил 7-декабр Самарқандда туғилган. Виноградов ёшлик йилларини Тошкентда ўтказган ва ўрта мактабни олтин медал билан тамомлаган.
1955-йилда Ўрта Осиё Давлат университетининг география факултетини (гидрология бўлими) тугатган. 1955-йилда университетни тамомлаб, Ўзбекистон ССР Фанлар академияси Энергетика ва автоматлаштириш институти аспирантурасига ўқишга кирган. Кейинчалик Ўзбекистон ССР Фанлар академияси Сув муаммолари ва гидротехника институти қошидаги аспирантурага ўқишга ўтказилган, кейиcнҳалик ўқув жойида ишга қолган. 1957-йилдан бошлаб Виноградов ёмғир оқими ва тошқинларни ўрганишни бошлаган. Аспирантурани тугатгач, 1960-йилда „Ўрта Осиёда ёмғир тошқинларининг максимал оқимини ҳисоблаш методикаси“ мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган.
1964-йилдан Олмаота шаҳридаги Қозоғистон Гидрометеорология илмий тадқиқот институти (КазНИГМИ) сел оқимлари бўлимини бошқарган. 1967-йилда унинг „Ўрта Осиё ва Жанубий Қозоғистоннинг кичик сув ҳавзаларида ёмғир тошқинлари гидрологияси масалалари“[1] номли биринчи монографияси нашр этилган. 1972-йилда „Ўрта Осиё ва Жанубий Қозоғистон шароитида ёмғир тошқинлари ва уларни ҳисоблаш усуллари“ мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.
Юрий сел тошқинлари ҳақидаги фан – илмий йўналишнинг асосчиларидан бири бўлиб, унинг обекти сел ва сел ҳавзалари ҳисобланган[2]. Илмий терминологияга „транспорт-сменали сел жараёни“, „транспорт сел жараёни“, „потенсиал сел оқимлари массиви“ каби тушунчаларни олиб кирган. Транспорт ва транспорт-сменали сел жараёнларининг оригинал моделлари ишлаб чиқган. Виноградов 1972-йилдан 1975-йилгача Чемолган полигонида (Орқа Или Олатови) ўзининг раҳбарлигида ва бевосита иштирокида табиий сел оқими манбаларида сунъий сел оқимларини кўпайтириш бўйича дунёдаги биринчи тажрибалар ўтказган. Тажрибалар ҳақида „Слово о селевом потоке“ илмий филми суратга олинган[3][4].
1976-йилдан „Сел оқимлари“ тўпламларининг даврий нашри ташкилотчиси бўлган. 1977-йилда „Музлик портлаши тошқинлари ва сел оқимлари“ монографиясини нашр эттирган. Сел оқимлари бўлимига раҳбарлик қилишни давом эттириб, 1972–1977-йилларда бир вақтнинг ўзида КазНИГМИ директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган. Виноградов СССР Вазирлар Совети ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати Бош бошқармаси учун „Сел оқимларини ўрганиш бўйича йўриқнома“ни ишлаб чиқишга раҳбарлик қилган. Олма-Ота шаҳрини сел оқимидан ҳимоя қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқишда иштирок этган[5].
Виноградов 1978-йилда Давлат гидрология институтига (Ленинград) ишга ўтган, оқим жараёнларини математик моделлаштириш лабораториясининг мудири лавозимида ишлаган. У дарё оқимининг ҳосил бўлиш жараёнларини ўрганишда математик моделлаштириш усулини қўллаш билан боғлиқ йўналишдаги ишларни бошқарган. 1988-йилда „Оқим ҳосил бўлиш жараёнларини математик моделлаштириш“ монографияси чоп этилган. Виноградов 1980-йилларда стандарт гидрометеорологик маълумотлардан фойдаланишга йўналтирилган параметрларга эга „Гидрограф“ оқими шаклланишининг детерминистик моделини ишлаб чиқган. Турли генездаги сел оқимларини ҳисоблаш учун математик моделлардан фойдаланиш назариясини ишлаб чиқган.
100 дан ортиқ илмий мақолалари чоп этилган.
1980–1991-йилларда СССР Вазирлар Совети ҳузуридаги Фан ва техника давлат қўмитасининг „Сув ресурсларидан комплекс фойдаланиш ва муҳофаза қилиш“ илмий кенгашининг сел комиссияси ва муҳандислик геологияси илмий кенгашининг раиси бўлган. 2005–2012-йилларда Сел уюшмасини тузишда қатнашган ва унинг Президиуми аъзоси бўлган.
2000-йилдан Санкт-Петербург давлат университетида ишлаган, „Математик моделлаштириш“, „Тоғлар гидрологияси“, „Гидрологиянинг замонавий муаммолари“ фанларидан дарс берган. 1990-йилда „гидравлика ва муҳандислик гидрологияси“ ихтисослиги бўйича профессор илмий унвонини олган. Унинг илмий раҳбарлигида 12 нафар фан номзоди тайёрланган.
Виноградов „СССР Гидрометеорология хизмати аълочиси“, „Россия гидрометеорология хизматининг фахрий ходими“ кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Виноградов Селчилик фанини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун ўлимидан сўнг Сел оқимлари уюшмаси томонидан Флейшман медали билан тақдирланган.
Манбалар
- ↑ „Виноградов, Юрий Борисович - Вопросы гидрологии дождевых паводков на малых водосборах Средней Азии и Южного Казахстана [Текст - Сеарч РСЛ“]. сеарч.рсл.ру. Қаралди: 2020-йил 22-январ.
- ↑ „Перов, Вениамин Федорович - Селевые явления [Текст = Дебрис флоw пҳеномена : терминологический словарь - Сеарч РСЛ“]. сеарч.рсл.ру. Қаралди: 2020-йил 22-январ.
- ↑ Руководство по изучению селевых потоков, (Главное управление гидрометеорологической службы при Совете Министров СССР. Казахский научно-исследовательский гидрометеорологический институт), Ленинград: Гидрометеоиздат, 1976.
- ↑ Виноградов Ю.Б. Искусственное воспроизведение селевых потоков на экспериментальном полигоне в бассейне р.Чемолган // Селевые потоки. — Андоза:М.: Гидрометеоиздат, 1976. — Т. 1. — С. 3—7.
- ↑ Руководство по изучению селевых потоков, (Главное управление гидрометеорологической службы при Совете Министров СССР. Казахский научно-исследовательский гидрометеорологический институт), Ленинград: Гидрометеоиздат, 1976.