Yusuf Hamadoniy
Юсуф Ҳамадоний (1048-йил 17-июл, Бузанжирд қишлоғи, Ҳамадон – 1140-йил 13-сентябр, Бомиён) – тасаввуфнинг йирик намояндаси, олим. Унинг таржимаи ҳолига оид маълумотлар унчалик кўп эмас. Абдухолиқ Ғиждувоний, Фаридиддин Аттор, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий асарларида Юсуф Ҳамадоний ҳақида маълумотлар бор. Тўлиқ исми – Юсуф ибн Яъқуб ибн Абдувоҳид ибн Абдубосит ибн Замзам ибн Боқир ибн Муҳаммад ибн Исмоил ибн Абу Ханифа Нўъмон ибн Собит[1].
Бағдодда Абу Исъҳоқ Шерозийдан таҳсил олган. Кейинчалик Исфаҳон, Марв ва Самарқанд муҳаддисларидан илм ўрганган[2].
Тасаввуфни Абу Али Формадий ва Абдуллоҳ Жувайнийдан ўрганган. Замонасининг етук алломалари Абдулқодир Ғилоний, Ғаззолий, Ҳамидуддин Мултоний билан мулоқотда бўлган. 30 марта ҳаж зиёратига борган.
Юсуф Ҳамадоний Бухорода узоқ муддат яшаб, Аҳмад Яссавий, Абдухолиқ Ғиждувоний ва бошқа йирик машойихларга устозлик қилган. У кейинчалик хожагон-нақшбандия тариқатининг айрим қоидаларини ишлаб чиққан. Хожа Абдуллоҳ Барқий, Хожа Ҳасан Андоқий Бухорий, Аҳмад Яссавий, Абдухолиқ Ғиждувоний Юсуф Ҳамадонийдан сўнг унинг халифалари сифатида муридларнинг тарбияси билан шуғулланганлар.
Юсуф Ҳамадоний тасаввуфга оид „Рутбат ул-ҳаёт“ („Ҳаёт мезони“), „Кашф“, „Рисола дар одоби тариқат“ („Тариқат одоби ҳақида рисола“), „Рисола дар ахлоқ ва муножот“ („Ахлоқ ва муножот ҳақида рисола“), „Рисола фи аннал кавна мусаххарун лил инсон“ („Дунёнинг инсонни таслим қилиши ҳақида рисола“) асарларини ёзган. Алишер Навоийнинг ҳикоятларида Юсуф Ҳамадонийнинг яна „Зийнат ул-ҳаёт“, „Манозил ус-соликин“ ва „Манозил ул-соирин“ номли асарлари бўлгани ҳақида айтиб ўтилган[3].
„Рутбат ул-ҳаёт“ („Ҳаёт мезони“) рисоласини Сайфиддин Рафиддинов ўзбекчага ўгириб, 2003-йилда нашр қилдирган. „Кашф“ рисоласи топилмаган[3].
Юсуф Ҳамадоний этикдўзлик касби билан машғул бўлган. Деҳқончилик ҳам қилга[4].
Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий тазкираларида Юсуф Ҳамадоний кўп вақт Марвда яшагани ва у ердан Ҳиротга 2 марта келиб бир неча муддат тургани ҳақида ёзилган. У 1140-йили Ҳиротдан Марвга қайтиб кетаётган маҳали йўлда вафот этади. Манбаларда Бомиён Юсуф Ҳамадоний вафот этган жой сифатида кўрсатилади. Орадан бир қанча вақт ўтиб, Юсуф Ҳамадонийнинг хоки ёки жасади Марвга келтирилиб дафн қилинади. Ўша пайтларда бу маскан эл орасида машҳур бўлган. Юсуф Ҳамадонийнинг қабри сақланиб қолган[5].
Манбалар
- ↑ Жуманазар 2022, с. 111.
- ↑ Жуманазар 2022, с. 112.
- ↑ 3,0 3,1 Жуманазар 2022, с. 124.
- ↑ Жуманазар 2022, с. 116.
- ↑ Жуманазар 2022, с. 112–113.
Адабиётлар
- Жуманазар А. К. Қоратош. Тошкент: Академнашр, 2022 — 512-бет. ИСБН 978-9943-8188-7-3.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |