Заҳарлар — организмга таъсир этганда унинг ҳаёт фаолиятини бузиб, организм ҳаётини хавф остида қолдирувчи моддалар. Тирик организмга таъсир кўрсатадиган барча моддалар, жумладан дорилар ҳам юқори консентрация ва дозада маълум даражада уни заҳарлайди (қаранг: Заҳарланиш). З.нинг организмга таъсир этиш кучи уларнинг кимёвий тузилиши ва физик-кимёвий хоссаларига боғлиқ бўлишидан ташқари, шу тирик организм тўқималари ва ҳужайраларининг хусусиятларига ҳам богълиқ. Шунингдек организм ҳужайралари билан тўқималарининг таркибига кирган ва тўқималардаги алмашинувда қатнашадиган моддалар билан кимёвий реаксияга киришиб, таъсир этади. Ҳужайралар протоплазмасининг оқсил структурасини емирадиган моддалар (мас, кучли кислота ва ишқорлар, юқори консентрацияли тузлар) ҳеч истисносиз барча тирик ҳужайраларни ҳалок этади. Моддалар алмашинувини бир маромда таъминловчи фермент системаларни боғлайдиган ёки емирадиган заҳарлар янада ҳавфлироқдир. Заҳарлар таркиби ва олиниши бўйича ўсимлик, ҳайвон, минерал ва кимёвий синтез маҳсулотларига бўлинади. Баъзан жониворлар (илонлар ва бўғимоёқлилар - ари, асалари, қорақурт, чаён ва ҳоказо) заҳарнинг аксариятлари оқсил структуралидир. Ўсимлик З.ига, асосан, алкалоидлар киради, улардан аконитин (парпи), мускарин (мухомор), никотин (тамаки барглари), анабазин (ицигек), атропин (белладонна), физостигмин (калабар дуккаги) кўпроқ заҳарли. Баъзи ўсимлик гликозидлари, айниқса юракка таъсир этадиган гликозидлар, дигитоксин (дигиталис гликозиди), строфантин ва бошқалари ҳам юқори консентрацияда заҳарлидир. Патоген микроорганизмлар чиқарадиган ва касалликка сабаб бўладиган токсинлар ҳам ҳисобланади. Заҳар одам ва ҳайвон организмига турли йўллар билан, асосан, ҳазм ва нафас аъзолари, қисман тери орқали киради. Турмушда заҳарланишга сабаб бўладиган З.нинг аксариси организмга овқат билан киради. Бундай З.га микробларнинг фаолияти натижасида ҳосил бўладиган ботулотоксин бактерияси эндодоксинлари (қаранг Ботулизм), заҳарли замбуруғлар, заҳарли ўсимликлар (бангидевона, белладонна) мевалари ва тугунакларида учрайдиган моддалар киради, Заҳарли ўсимликлар гоҳо яйловдаги молларнинг заҳарланишига сабаб ҳам бўлади. Ёнилғи газларнинг чала ёниш жараёнида ҳосил бўладиган ис гази хавфли заҳарли газ ҳисобланади. Касбга алокадор яъни саноатда ва қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган зарарли кимёвий моддалар ҳам бор. Саноатдаги заҳарли моддаларга қўрғошин, симоб, мис, маргумуш бирикмалари, анилин, бензол, водород сулфид ва б. кўпгина учувчан органик моддалар; қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган заҳарли моддаларга гербицидлар, дефолиантлар, пестицидлар ва бошқалари киради. Организмнинг ҳаёт фаолиятида ишлаб чиқариладиган аммо касаллик натижасида организмдан чиқиб кетмайдиган моддалар (мис, уремияда азотли ташландилар) ҳам заҳарлидир. Заҳар организмдан буйраклар, ичак, ўпка орқали, баъзилари эса қисман тер, сут безлари орқали сут билан чиқиб кетади[1].

Заҳарларни ўрганувчи фанлар қаторига токсикология ва токсикологик кимё фанларини киритиш мумкин.

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил