Замм, Зам — Амударё бўйидаги ўрта аср (ВИИ аср)ларга оид шаҳар ва кечув номи. Балъамийнинг маълумотига кўра, З. Термиз ва Қубодиён қаторида подшоҳ Қубод асос солган шаҳарлардан саналган. ВИИИ-аср бошида Қутайба ибн Муслим Марвдан Бухорога юриш қилганда Замм кечуви орқали Амударёдан ўтган. Замм орқали Марварруд ва Гузгонондан Мовароуннаҳр шаҳарларига борадиган карвон йўли ўтган. Х-асрда Замм катталиги жиҳатидан Амулга тенг бўлиб, бироқ аҳолиси жиҳатидан ундан кейин турган. Х-аср охирида Муқаддасий Заммни усти ёпиқ бозорлар ўртасида жойлашган жоме масжидига эга бўлган "катта шаҳар" деб атаган. Амударё тошган пайтларда унинг суви Заммнинг ўртасига қадар борган. Заммнинг атрофи чўл билан ўралган. 1032-йил Замм ғазнавийлардан султон Масъуднинг қорахонийлардан Алитегинга қарши урушида қўшинлар тўпланадиган асосий жойлардан бири бўлган. Замм ўрта аср шаҳар ҳаробаси Амударёнинг сўл қирғоғида, Карки шаҳрининг қаршисида жойлашган. Умумий майдони 3,5 га яқин бўлган. Замм атрофида боғ-роғлар, экинзорлар, чорвадорларнинг уйлари, қудуклар, яйловлар бўлган. Шаҳарга Амударёдан Фохир канали орқали сув чиқарилган. Маҳмуд ибн Баауwам маълумотларига кўра, ўрта асрда Замм вилояти Марвга қадар чўзилган. 826—827- йилларда Замм вилоятидан халифаликка тўланадиган солиқ миқсори 106-минг дирҳамни ташкил этган. Карки шаҳридан шимоли - ғарбда жойлашган Останабобо қишлогида Аламбардор мақбараси сақланган. Ривоятларга кўра, у ерга сомонийларнинг 1005-йилда ўлдирилган сўнгги амири алМунтасир дафн этилган.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил