Замзам Оби замзам - Макка шаҳридаги „Ал-Масжид ал-Ҳаром“ саҳнидаги муқаддас булоқ. Каʻба ёнида бўлиб, ҳоз. вақтда пастда - алоҳида ва махсус жойга ўтказилган сув жўмраклари орқали ичилади. Булоқ суви кенглиги бир қаричдан ортиқроқ пўлат қувур орқали чиқади, ойнаванд хонада хизматчилар уни Масжиднинг биринчи, иккинчи ва учинчи қавати (томи)га тарқалишини назорат қилиб турадилар. Сув тарқатгич ускуналар кеча-ю кундуз бетўхтов ишлайди. Замзам тарихи узоқ. Ривоятларга кўра, булоқнинг пайдо бўлиши Иброҳим (ас)нинг ўғли Исмоилнинг таваллуди билан боғланади: чўлда қолдириб кетилган биби Ҳожар чақалоғи (Исмоил) дунёга келгач, ювиниш ва чанқоғини босиш мақсадида сув ахтариб шу яқиндаги Сафо ва Марва тепаликлари орасида етти маротаба елиб-югуради. Сув тополмай обдан толиққан она чақалоғи ёнига қайца, унинг оёқлари остидан сув чиқаётганлигини кўради. Нима қиларини билмай шошиб қолган биби Ҳожар „зам, зам“ (яъни „тўхта, тўхта!“) дейди. Бошқа бир ривоятда онанинг мушкул аҳволидан бохабар бўлган Жаброил (а.с.) ерни сийпалаб сув чиқариб берган дейилади. Лекин орадан кўп асрлар ўтиб булоқ кўзи ёпилиб қолади. Вақти келиб Муҳаммад (сав)нинг бувалари Абдулмутталиб булоқ кўзини қайта очган. Замзам Қуръони каримда тилга олинган. Замзам сувига юз-қўлларни ювиш, ундан ичиш ҳаж ва умра амалларини бажаришнинг белгиси ва савобли иш ҳисобланади. Зиёратчилар қайтишда ўзлари билан сувдан олиб кетиб, кўпчиликка тарқатадилар. Ҳозирги Маккада сувни турли ҳажмлардаги идишларга қуядиган мослама ишга туширилган. Замзам суви ўзига хос хусусиятга эга. Таркиби киши танаси учун фойдали маъданларга бойлиги, ошқозон-ичак, қон томири ва б. баъзи касалликларга даво экани аниқланган. Шу боис Замзам суви саломат киши учун таом, касалмандлар учун шифобахшдир" дейилган ҳадиси шарифда.

Манбалар

зам зам қудуғининг чуқурлиги 33 метр