Zanbaq
Занбақ сўзи арабча бўлиб, эски ўзбек тилига ўтиб ўзлашган. Ҳозирги ўзбек тилида ҳам, унинг диалект, лаҳжаларда ҳам ҳозирги пайтда занбақ сўзи қўлланмайди. Ўрхун-Енисей ёзма манбаларидан то Алишер Навоий асарларигача бўлган туркий ёзма ёдгорликларда занбақ сўзи қайд этилмаган. Алишер Навоий асарларида занбақ тарзида келади: Эмас боғ ичра сориғ лола занбақ билки, ҳар сори, Янги доғ ўртаб ул гул ишқидин сорғорди рухсори. (Ғаройиб ус-Сиғар, 643)
Манбаи
Занбақ сўзининг манбаи илмий адабиётларда араб тили лексикаси эканлиги кўрсатилади. Ҳозирги араб тилида гулсапсар, пиёзгул, нилуфар (Баранов,1962,420)шаклида берилган. Бизнинг тахминимизча, бу сўз араб тилига ҳам бошқа бир тилдан ўзлашган бўлса керак.
Қўлланиши
Занбақ ҳозирги эроний тиллардан: форс тилида замбақ.туркий тиллардан:озарбайжон тилида занбаг шаклида қўлланади. Бошқа эроний тиллар (тожик, афғон, курд) ва туркий (ўзбек, уйғур, қирғиз, туркман, қорақалпоқ, татар) тилларида ҳозирги пайтда қўлланмайди.
Этимони
Тадқиқ этилаётган занбақ сўзи форс тилидаги занбуруқ-замбуруқ ва замин — ер сўзлари билан умумийлик томонлари бўлса, эҳтимолдан узоқ эмас. Чунки араб тили лексикасида маълум бир қатламни эроний тиллардан ўзлашган сўзлар ташкил қилади.
Манбалар
- ↑ Вафоев, Баҳром. О'симликлар номлари, "ФАН" нашриёти, Тошкент, 1991 — 53-бет. ИСБН 5 - 648 - 01251 -9.