Мустақил иш Абдурашидов Қиличбек

Файл:Пҳото 2023-08-12 15-48-05.жпг
Ўзбекистон Республикаси Сурхондарё вилоятининг харитасида Зарауцой ёдгорлиги жойлашган ҳудуд

Зарауцой расмлари – Ўзбекистон ҳудудидаги энг қадимги қоятош расмлар. Ҳисор тизмасининг жануби-ғарбида жойлашган. Кўҳитанг тоғининг шарқий ён бағридаги Зарауцой дарасидаги унгир ва камар тошларига ишланган ибтидоий санъатнинг нодир намуналаридан ҳисобланади. Зарауцой Сурхондарё вилоятида, Термиз шаҳридан 100– 110 км шимоли-ғарбда жойлашган. 1912-йилда И. Фёдоров томонидан топилган. Археолог Г. Парфёнов (1940—1945), кейинчалик А. Рогинская (рассом), А. Формозов, А. Кабировлар томонидан ўрганилган. 200 дан ортиқ расмлар мезолит, неолит ва кейинги даврларга мансуб. Расмлар чизма тарзида контур ва соя услубида қизил ангоб (охра) билан чизилган. Зарауцойда одамларнинг итлар ёрдамида ёввойи буқаларни ов қилиш манзараси тасвирланган. Ҳайвонлар (ёввойи буқа, ит, тулки, ёввойи чўчқа, бурама шохли эчки, жайран, тоғ эчкиси, ҳашаротлар), турли буюмлар (ўқёй, найза, ўроқсимон қуроллар), ниқобланган одамлар ва бошқа ўзига хос тарзда ҳаётий қилиб ишланган расмлар мавжуд. Зарауцой ибтидоий санъатнинг ноёб ёдгорлиги сифатида ёдгорликларни муҳофаза қилиш қизил китобига киритилган[1].

Зараут сойи

Файл:Пҳото Зараут сойининг ко'риниши.жпг
Марказий камардан Зараут сойининг кўриниши. Олдинда муаллиф.1970-йил

Ҳисор тоғ тизмасининг давоми бўлган Кўҳитанг тоғи бағридан сизиб чиқувчи булоқлар кўп бўлиб, унинг энг юксак тик деворини эслатувчи Рез деб аталадиган жойининг биқинидан чиққан чашма суви жилға ҳосил қилиб ўзига йўл очади. Жилға Катта ва Кичик Қўрчиқ тоғлари оралиғига бориб, ўнлаб булоқлар суви қўшилган дарёчага қуйилади. Тоғдаги тор ўзандан сўнг адирликларга чиққан Зараут сойи Қизилолмасойга қўшилади ва икки сойнинг Қорабоғ, Майдон, Лойлиқ қишлоқлари экинзорларига борган сув охири Шеработ дарёсига келиб қўшилиб кетади[2].

Зараут сойининг Катта ва Кичик Қўрчиқ оралиғида кенгайган ҳавзаси росмана кичик тоғ водийси ҳисобланади. Оқаётган дарёнинг икки томони баландликларига қиялаб кўтарилувчи тоғ ён бағирларида тут, ёнғоқ дарахтлари, билинар-билинмас ўрни қолган чолдеворлар, узун-узун тошқаламлар ўрни кўринади[3].

Зараут қишлоғи

Зараут қишлоғининг асосий қисми дарахтзорлардан иборат ўрик, бодом, ёнғоқ, гилос, олма, беҳи, анжир, тут каби мевали боғлари арчазорларга туташиб кетади. Зараутда, айниқса, Бегимқул бобо, Холмирза бобо, Мулла Раҳмон, уста Абдулла, Сафарлар чорбоғлари обод бўлган кишилар ҳисобланишади. Ҳозирги вақтда қишлоқда мевали дарахтларнинг сони камайган бўлиб, уларнинг ўрнини арча, заранг, ёввойи дўлана дарахтлари эгаллаган.

Қишлоққа дастлаб қачон асос солинганини ҳеч ким айтиб бера олмайди. Чор-атрофи ўтиб бўлмас тоғу тошдан иборат табиий қал’а- Зараутга кириш йўли ҳисобланган. Ва бундай кириш йўллари иккита бўлган.

Зараут қадимий кончилик ва ҳунармандчилик марказларидан бири бўлган. „Кўпкаритахти“ текислигидан иккита, Кўксойда иккита, Чўчқабулоқда битта, лалми этагида битта- жами 6 та хумдонда (қолдиқлари ҳозир ҳам сақланиб қолган) бир қават зараут кўмири, бир қават руда тош қалаб, олов ёқиб, чўян ва темир эритганлар. Зараутликларнинг тарифича: қадимда чўян ва темир Катта Қўрчиқдаги арава сиғадиган қия йўл орқали чет мамлакатларига олиб чиқиб кетилган. Уруш йилларида ҳам „Қизил меҳнат“ колхози усталари юқори чорбоғда йўнилган тегирмон тошларини ана шу қия йўл орқали олиб чиқиб буғдойга алмаштиришган. Зараутнинг Қорабулоқ, Кўкбет, Ойнабулоқ, Сассиқбулоқ, Шакараклик мавзелари қизил, сариқ, кўк, оқ, малла ва бошқа рангли тошларга бой бўлиб, бу заминда аниқланган олтин, кобалт, қўрғошин, алюмин, уран каби ўн икки хил қимматбаҳо табиий заҳиралари ҳам унинг ноёб ёдгорликлари қаторидан ўрин олган. Кўксой тошкўмиридан асрлар бўйи аҳоли эҳтиёжларида фойдаланиб келинган[4].

Зараутнинг зари бор,

Қўшша заранглари бор,

Ҳар зарангнинг тагида

Қирқ йигитнинг моли бор.

(Зараут ҳақида ривоятларда айтилган шеър)[4].

Зарауцой расмлари кашфиёти

Инсоният свилизацияларининг илк ўчоқларидан бўлган Сурхондарё вилоятидаги Зарауцой суратлари Ер юзи қуруқлик қисмини олтидан бирини эгаллаган собиқ Шўро иттифоқи ҳузурида дастлаб қадимги тош даври ранг тасвири топилган санъат ва тарих ёдгорлиги сифатида маълум ва машҳурдир. Франсия ва Испания сингари полеолит даври ёдгорлиги бўлган ғорларни узоқ вақтдан бери излаб юрган собиқ иттифоқ қадимшунослар бу борада кўп ишлар амалга оширган. 1939-йилги фан оламига кириб келган Зарауцойдан кейин фақат 1959-йил келибгина Урал тоғининг Каповая ғоридан палеолит суратлари топилди[5].

Ибтидоий даврнинг дастлабки ижодкор инсонлари чизган қадимги ғор суратларига кириш жойини ер босиб қолиб, табиатнинг ўзи йигирма минг йил сақлаб келган. Бебаҳо топилмаларни бундан 125 минг йил илгари инсониятга ҳадя этган. Алтамира ғори Мадлен даврининг санатидан ҳикоя қилса, аксинча табиат қўйнида очиқ ҳолда қолиб даврларнинг шамоли, қори, зилзиласи, ёмғри, қуёш нури каби синовларга дош берган ва бир неча минг йилликлар рассомлари ўз ижоди наъмуналарини чизиб қолдирган. Зарауцой камарларининг жами ғаройиб, ҳеч бир жойдагига ўхшамайдиган қоя суратларини тадқиқ қилиб ибтидоий санъатнинг заминимиздаги кўп босқичлари ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкин.

Ўзбекистон санъат тарихи музейи Сурхондарё округ ва Тожикистоннинг Панжикент тумани ўлкашунослик музейлари ҳамкорлигида 1940-йили Зарауцой қоятош ранг-тасвирини дастлабки ўрганиш бўйича махсус экспедиция ташкил қилди. Г. В. Парфёнов раҳбарлигидаги экспедиция очиқ қоятош қизил суратлари билан танишди, бир нечта янги суратли жойлар очди. Зарауцойнинг шимолий қисмини археологик текширувдан ўтказиш пайтида пичоқ вазифасини ўтаган ясси чақмоқтошни топишга муваффақ бўлди. Дулдул ота деб номланувчи ғордаги маданий қатламларни тозалаш пайтида тош даври ибтидоий одамининг истиқомат жойи бўлганлигининг кўрсатувчи ашёвий белгилар аниқланди. Бу ердан топилган кремний оҳактошининг архаик кўриниши парчалари палеолитнинг мусте босқичига тўғри келади. Ушбу топилмалар барчаси ўша вақтдаёқ Ўзбекистон санъат музейига топширилган[6]

1943-йилги махсус экспедицияда топилган расмлар гуруҳлари

Т/р Гуруҳлар Жойлашуви маълумот
1 Биринчи гуруҳ расмлари Камар ичининг чап қисмидан юқорига қараб жойлашган, таҳминан 60-80 см га тўғри келадиган юзани эгаллайди. Бу ерда ёввойи ҳайвонларнинг юқорига қараб ов қилиш саҳнаси тасвирланган. Қоянинг қуйи дарз кетган жойи сурат композициясининг бир қисми ҳисобланади. Ибтидоий рассом уни ҳўкизлардан бирини ўзини қутқариш учун қочиб кетишга уринаётган тоғ сўқмоғи сифатида тасаввур қилгандек тасвирланади.
2 Иккинчи гуруҳ расмлари 80-120 смга тўғри келадиган майдонни эгаллайди. Бир-бирига яқин жойлашган суратлар экспедиция хулосасига кўра, яратилган вақти билан ҳам бир-бирга боғлиқ эмас эди. Юқори Зараутда энг катта ҳисобланган баландлиги 20 смдан ошадиган одам тасвири чизилган бўлиб, ундан қуйироқда қуёш белгиси тасвирланган. Ўнгроқда Бийга ўхшаш ҳашарот расми, ва маъноси ҳозиргача намаълум чизиқлар. Чапда каллаларини орқага бурган иккита ит тасвири, устидан оҳак суюқлиги оқиб тушган жуда кўп тасвирлар билинади.
3 Учинчи гуруҳ расмлари Камар шипининг юқориги эгилган жойда, 60-100 смлик юзани эгаллайди. Ҳўкизни қуршаб овлаш саҳнасида овчилар ҳайвонни кўзлаб турибди, қолган одамларнинг қуйига томон кенгайиб борувчи плашга ўхшаш теридан ясалган кийимлари тасвирланади. Ўраб олинган ҳўкиз гўё тоғ терраси томон юқорига ҳайдалмоқда. Одамлар қўлида ўқ-ёй, болта, бумеранг ва сопқонга ўхшаш қуроллар билан қуролланган.

Ҳўкиз остида чизилган кичкина ўқчи шакли, экспедиция хулосасига кўра устидан чизилган йирик суратга нисбатан анча олдин яратилганлиги билинади. Пастда суратлар чизилган майдон табиий чуқурликка улашади. Чуқурлик ичида ҳам ҳўкиз ва одам суратларини англаш мумкин. Суратлар қора рангли бўёқда чизилган ва бу Зарауцойдаги ягона қора рангли расмлардир. Қолган суратлар эса қизил рангли ҳисобланади.

4 Тўртинчи гуруҳ расмлари Камар шипи ичкарисининг ўнг томонида жойлашган, 40-40 см ҳажмдаги майдонни эгаллайди. Бу ерда турли даврда яратилган ов саҳналарини учратиш мумкин. Чапда икки шип юзасининг олдинга эгилган жойида тасвирланган тузоқ ҳудди ов йўлига қўйилганга ўхшайди. Одам тасвирида қизилдан кўра қора рангда кўпроқ ишланган. Зарауцойнинг энг кичик суратлари шу гуруҳга мансуб. Масалан бу ерда тасвирланган мўжазгина одам суратлари 4 см дан ошмайди.

Камар шипининг қуйироқ қисмида кейинги даврларга оид тасвирлар учрайди. Улар иккинчи гуруҳнинг тасвирлари каби бронза даврига оид. Марказий камар қуйироғининг ўнг томонида кўплаб кичик камарчалар бор. У ерда теридан ясалган кашошонли плаш кийган ёлғиз одам ва тоғ эчкиси, яна кийикка ўхшаш ҳайвон ва яна ҳозирча маъноси изоҳланмаган белгилар мавжуд. Бундан ташқари геометрик чизиқлар, ўйма нақшлар бошқа қояларда ҳам учрайди[7].

Зарауцой экспедициялари натижалари

Зарауцой экспедицияси пайтида тўпланган барча материаллар ўрганилиб, унинг натижалари бўйича Г. В. Парфёнов томонидан тайёрланган „Зарауцойнинг қадимий фреска ранг тасвири“ илмий ҳисоботи 1941-йили 18-январ куни бўлиб ўтган Ўзбекистон санъат тарихи музейининг илмий кенгашида эълон қилинди ва Зарауцой тадқиқотлари давом этди.

Файл:Пҳото Одамлар ва белгилар.жпг
Одамлар, турли белгилар. И. Ф. Ломаев тасвирида. 1939-йил

Ўзбекистонда қадимги феска ранг-тасвирини ўрганиш бўйича Ўзбекистон санъат тарихи музейи бошлаган иш келгуси 1941-йилда музейнинг махсус экспедициясини ташкил этиш билан бизнинг республикамиз санъати тарихида дастлабки саҳифалардан бирини очди. Қадимий қоядаги тасвирларни ўрганиш Зарауцой раёнидаги экспедиция ишларини давом эттиришни, янги жойлар очишни ва топилган ёдгорликларни чуқурроқ тадқиқ қилишни тақозо этди[8].

Зарауцой ёдгорлиги санъат ва тарих обидаси сифатида кашф этилиши биланоқ олимлар эътиборини тортган. Унинг дастлабки ранг-тасвири намуналари эълон қилингач „Жаҳон ҳамжамиятига молик“ деб эътироф этилди[9].

1942—1943-йилларда Зарауцой қоя суратларни ўрганиш давом эттирилди. Махсус Зарауцой экспедицияси ташкил қилинди. Унинг таркибига музей директори, археолог Г. В. Парфёнов, рассомлар Алла Юлевна, А. С. Кириллов, овчи ўлкашунос И. Ф. Ломаев кабилар фаолият олиб боришди[7].

Файл:Пҳото Зарауцой қоятош расмлари.жпг
Қушларга ўхшаш одамлар, итлар, қочаётган ҳўкизлар И. Ф. Ломаев тасвирида
Файл:Пҳото 2023-08-12 15-46-07.жпг
Овчи И. Ф. Ломаев тасвирида ёлғиз ҳўкизни қувлаётган одамлар.1939-йил

Ушбу экспедиция давомида Кўҳитанг тоғи атрофидаги оқ бўрдан иборат тоғ тизмалари, қизғиш-қорамтир, рангдор тупроқли қизил тепаликлар билан ўралган водийлар ёнбағирларидан ўтилди. Уёқда сариқ оҳактош тоғларининг осмонга қараган тишчали ва чўққилари томон юрилиб, қоялардаги суратларни таҳлил қилинди, чизмалар олинди. Қоялар ғайриоддий одамлар ва орқа оёғида тик турган баҳайбат махлуқларга ўхшаш шаклларни ҳосил қилган эди. Булар асрлар давомида шамол, сув, ёмғир каби табиий омилларнинг натижасида тошга айланган қолдиқлар эди. Зарауцой расмларини тош юзасига оҳак қотиб қолган камарлардагина учратиш мумкин. Экспедициянинг бир ярим ойи давомида топилган барча суратлардан нусха кўчириб олинди. Мойбўёқ ёрдамида кўплаб пейзажлар яратилди. Рассом Кириллов денгиз юзасидан 2,5 минг метр баландликдаги тоғлар паноранасини, Зарауцой пейзажларини яратди. Парфёнов А.А, Иванов ва В. К. Сандул томонидан қоядаги расмлар ва ёзувлар тавсифлаб чиқилди. Яқин атрофдаги „Жанубий“, „Дулдул ота“, „Ротонда“, „Диэн“ каби археологик кичик-кичик камарлар текширувдан ўтказилди. Қояларда топилган ўйиқлар ва камарларга улар топган одамнинг номи ёки ажралиб турадиган белгиси билан ном берилди: „Ада ғори“, „Кириллов айвони“, „Шарипов айвони“, „Арабий ёзувли“ ва ҳоказо.

1943-йилги Зарауцой экспедициясининг энг ноёб кашфиёти – Г. В. Парфёнов томонидан топилган Нў2 ва Нў4 камарлардан топилган ҳайвонларнинг энг қадимий якка суратлари бўлди. Суратлар турли ҳолатда ва бир-бирга қарата, турли йўналишларда чизилган эди. Бундан ташқари Парфёнов қоятошларни сув билан ювиб ташлаш йўлида суратларни яққолроқ аниқлашга муваффақ бўлди ва 48 турдаги шаклларни аниқлади. У қуйи камардан топилган кичик ҳўкиз фигураларини ёшини юқори палеолитнинг мадлен даври деб белгилади[10].

Абадийлаштириш

Файл:Пҳото Зарауцой китоб.жпг
1950-йили Москвада чиққан китоб муқоваси

Зарауцой экспедициясининг ишлари Сурхондарё вилояти ўлкашунослик музейининг иккита катта залига жойлаштирилган. Жуда катта панно ҳолатига келтирилган пейзажлар залларнинг бошдан охиригача, еридан то шипигача бўлган майдонни эгаллади. Кўпгина топилмалар суратлари алоҳида картиналарда тасвирланди. Зарауцой суратларининг акварелда бажарилган нусхалари эса хронологик тартибда пастки қатор бўйлаб жойлаштирилди.

Асосий Зарауцой суратларининг кейинг нусхалари ҳозир Москвадаги Антропология, Дарвин, тасвирий-санъат, тарих, биология музейларидан ўрин эгаллаган. 1945-йил охирида Зарауцой тарихий ва санъат обидаси билан танишиш, Кўҳитанг тоғи шарқий ёнбағрининг тектоник ва геоморфологик ҳолатини ўрганиш асосида тегишли қарорлар қабул қилиш мақсадида махсус Республика комиссияси Зарауцойда бўлиб ўтди.

1946-йил 6-8-декабр кунлари Тошкент шаҳрида чақирилган Ўзбекистон ибтидоий-санъат масалалари бўйича биринчи республика конференсияси минтақада қоявий тасвирлар топилиши бўйича ва тадқиқ этилишининг 50 йиллигига бағишлаб конференсия ўтказилди. Конференсия натижаларига кўра, Сурхондарё вилояти ижроия қўмитасининг Зарауцойни „давлар комплекс қўриқхонаси“ деб эълон қилиш ҳақидаги қарорини тасиқлаш бўйича Ўзбекистон ҳукуматидан сўралди. 1951-йил таниқли олим А. А. Формозов Зарауцой суратлари яратила бошлаган даврни палеолит эмас, балки мезолит даври бўлганлигини асослаб берди.

Унинг фикрича Зарауцой расмларида қадим аждодлар овнинг муваффақиятлари, ҳайвонларни осонликча ўлдириш кабиларни кўзда тутиб чизганлар. Зарауцой суратлари билан шуғулланган мутахасислардан А. А. Формозов, А. П. Окландиковлар ҳам расмлар негизида ўша давр кишиларининг ижтимоий ҳаётидан олинган воқеалар, ибтидоий қабилаларнинг сеҳр-жоду билан боғлиқ диний тушунчалари ётади деб такидлашган. Зарауцой тасвирларига замондош бўлган Помир тоғининг Кўртакасой дараси Шахта ғори деворларидаги охра билан ишланган бўёқли расмларни текширишда В. А. Ранов ўзи топган манзараларни овчилик сеҳри билан боғлиқлиги бор деб ҳисоблаган[10].

Адабиётлар

  • Рогинская А., Зарауцай М.—Л., 1950; Пугаченкова Г. А., Рем пел Л. И., Видаюшиеся памятники изобразителного искусства Ўзбекистана, Т., 1960; Формозов А. А., Очерки по первобитному искусству, М., 1969.[1]
  • Зарауцой тилсимлари, Абдула Холмирзаев. Зарауцой тилсимлари, 2002. 

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  2. ↑ [баcтриа-термезcитй.блогспот.cом/2016/05/тасвирий-санатнинг-пайдо-болиши.ҳтмл „тасвирий-санатнинг-пайдо-болиши“] (2016).
  3. ↑ Абдулла Холмирзаев. Зарауцой тилсимлари, Қаралди:12-август, 2023-йил, 10-бет, „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ давлат илмий нашриёти, 2002 — 94-бет. 
  4. ↑ 4,0 4,1 Абдулла Холмирзаев. Зарауцой тилсимлари, Қаралди: 12.08.2023, 12-бет, „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ давлат илмий нашриёти, 2002 — 94-бет. 
  5. ↑ „Капова г'ори“.
  6. ↑ Пославская О „Тошкент, О'збекистон“, . Жанубий О'збекистон тог'ларида [1969], 1969. 
  7. ↑ 7,0 7,1 Абдулла Холмирзаев. Зарауцой тилсимлари. „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ давлат илмий нашриёти, 2002 — 94-бет. 
  8. ↑ „Искусств узбекистана“. 2023-йил 12-августда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 12-август.
  9. ↑ Сагдуллаэв, А „Тошкент: Тамаддун“, . Бағрикенгликнинг тарихий илдизлари, 2018. 
  10. ↑ 10,0 10,1 Ҳошимов М, Кучерявих В. Табиатнинг нодир сайргоҳлари. Тошкент, "Меҳнат" нашриёти, 1991.