Зардак сўзи форс-тожикча бўлиб, у ясамадир. Аммо у эски тожик тилида Х-ХХ асрлар ёзма манбаларида учраганлиги қайд этилмайди. Ҳозирги форс тили луғатларининг кўпчилигида ҳам бу сўзлиг берилмайди. Ҳозирги тожик тилининг икки тилли луғатида зардак тарзида берилиб қўйилган. Шунинг учун ҳам форс, тожик адабий тилида бу сўз, деярли, қўлланмайди. Алишер Навоий асарларида: Ошиға ким солса қилиб зийнат иш, Зардагу шалғам киби олтун-кумуш. (Ҳайрат ул-аброр , 126)

Кўринишлари

Ҳозирги туркий тилларда: қирғиз тилида зардек, уйғур тилида зардак, задак, туркий луғатларда зардак, задак(Малов, ИВ-И , 1911, 872) каби кўринишларда берилади.

Манбаи

Қадимги туркий манбаларида қайд этилмаган. Аммо сўзнинг биринчи морфемаси зар ва унинг воситасида ясалган сўзлар Маҳмуд Қошғарий асарларида берилган.

Морфемик таҳлили

Зардак сўзи икки морфемадан (зард — бош морфема сариқ ранг маъносида ва ёрдамчи морфема -ак сўз ясовчи афиксдир) тузилган бўлиб, унинг биринчи биш морфемаси ҳам ясамадир.(Бу ҳақда зардолу сўзига қаранг).Сўзнинг туркий тилларда турли товуш ўзгаришларига учраган вариантлари, шу тилнинг фонетик қонуниятлари таъсиридир(т=д, ак=эк).

Этимони

Демак сабзи сўзининг синоними бўлган зардак тил бирлиги форс-тожик тилининг айрим диалект ёки лаҳжаларида қўлланувчи сўз бўлиб, у эски ўзбек тилига ўзлашган. Бу сўз ҳозир ҳам форс-тожик диалектларининг таъсири кучли бўлган ўзбек лаҳжаларида истеъмол қилинади. Сўзнинг этимони зард+ак бўлиб, сариқлик сариқча маъносида келади.

Манбалар

[1]

  1. ↑ Вафоев, Баҳром. Сабзавотлар номлари, "ФАН" нашриёти, Тошкент, 1991 — 31-32-бет. ИСБН 5 - 648 - 01251 -9.